Франция элчиси россиялик мухлисларнинг Каннда тўхтатилиши юзасидан изоҳ бериш учун Россия ТИВга чақиртирилди
Франциянинг Москвадаги элчиси Жан-Морис Рипер Марселдан Лиллга Евро-2016’нинг учрашувига кетаётган россиялик мухлислар автобуси Канн шаҳри яқинида тўхтатилгани сабабли Россия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматида маълум қилинди.
"15 июнда Россия ташқи ишлар вазирлигига Франциянинг Москвадаги элчиси Жан-Морис Рипер чақиртирилди. Бунга Марселдан Лиллга Евро-2016’нинг Россия иштирокидаги навбатдаги учрашувига кетаётган россиялик мухлислар гуруҳи ушланиши билан боғлиқ вазият сабаб бўлган. Француз дипломатининг эътибори россиялик фуқароларга нисбатан қўлланган чораларнинг таҳқирловчи характерига қаратилган", дейилган ТАСС хабарида.
Россия терма жамоасининг Евро-2016’да иштироки атрофида Россияга қарши кайфиятларнинг авж олиши Россия-Франция муносабатларини оғирлаштириши мумкин, деб таъкидлаб ўтилган Россия ташқи ишлар вазирлигида.