ХХР АҚШнинг шарқий Осиёга ҳарбий кемаларини юбориш режасига изоҳ берди
Америка кемаларининг шарқий Осиё соҳилларига қўшимча ташланиши минтақа барқарорлиги ва тинчлигига раҳна соладиган бўлса, Хитой бунга қарши чиқади, деган ХХР ТИВ расмий вакили Лу Кан.
Бундан аввал, Рейтер агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда, АҚШ Шарқий Осиё соҳилларига турли вазифаларни бажариши учун қўшимча кучларни юбормоқчи экани хусусида хабар қилган, аммо уларнинг тафсилотлари ва муддатига ойдинлик киритмаганди.
"АҚШ америкалик солиқ тўловчиларнинг пулларини қандай сарфлашни ўзи ҳал қилади. Бироқ бу ҳарақатлар минтақа тинчлиги ва барқарорлигига раҳна солгудек бўлса, биз қарши чиқамиз", — деб баёнот берган Лу Кан АҚШ режаларига фикр билдирар экан.
АҚШ расмий Пекинни Жанубий-Хитой денгизини ҳарбийлаштиришда айблаб келади. Аммо Хитой ҳукумати бу айбловларни асоссиз, деб атайди. Шу билан бирга, расмий Вашингтон ушбу денгиздаги зиддиятли ҳудудларни Хитойга қарашли, деб ҳисобламайди, шу боис "халқаро ҳуқуқ доирасида дунёнинг ҳар қандай нуқтасида учиш, сузиш ва ҳаракат қилиш эркинлигига эга эканини таъкидлайди".