Жаҳон | 11:52 / 15.06.2016
51729
3 дақиқада ўқилади

ШҲТ 15 ёшда: Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тарихи ва тараққиёти

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти - минтақавий халқаро ташкилот бўлиб, унинг таркибига Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. 

2001 йилда олти мамлакат раҳбарларии Шанхай хамкорлик ташкилотини тузиш ҳақида Декларация имзолашди. Ташкилотнинг мақсади - Марказий Осиёдаги вазиятни барқарорлаштириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек сиёсий, иқтисодий, илмий, гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, деб белгиланди. Илк учрашув натижаларига кўра, ШҲТ аъзолари террорчилик, сепаратизм ва экстремизм билан курашишга доир Шанхай конвенциясини имзолашди. 

2005 йил мамлакат раҳбарлари кенгашиб, учта Осиё мамлакатига кузатувчи мақоми берилиши тўғрисида қарор қабул қилинди - Ҳиндистон, Эрон ва Покистон. Ташкилот географик жиҳатдан кенгайди ва бу ШҲТнинг халқаро мавқеини янада юксалтирди. Бундан ташқари Афғонистон ва Мўғулистон мамлакатлари ҳам кузатувчи мақомига эга бўлишди, Туркия эса мулоқот бўйича шерикка айланди. 

2014 йилда Ҳиндистон ва Покистон мамлакатлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш учун расман мурожаат қилишди. 2015 йилда эса ШҲТ мамлакатлари етакчилари бу давлатларни ташкилот сафига қабул қилиш жараёни бошланиши тўғрисидаги қарорни тасдиқлашди. Шу билан бирга Белорусияга ШҲТ кузатувчиси мақомини тақдим этиш ҳақидаги қарори ҳам имзоланди. Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга эса мулоқот бўйича шерик мақоми тақдим этилади. ШҲТ ташкилотига тўлиқ ҳуқуқли аъзоликка Эрон ва Афғонистон мамлакатлари ҳам даъвогарлик қилишмоқда. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юқори органи - давлат раҳбарлари кенгаши; саммит йилда бир марта ўтказилади. Ташкилот доирасида Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Вазирлик ва идоралар раҳбарлари кенгаши, Миллий координаторлар кенгаши тузилган. 

ШҲТнинг иккита доимий органи мавжуд - Пекиндаги котибият ва Тошкентдаги Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси.

ШҲТ ҳарбий блок ҳисобланмайди, бироқ ташкилот аъзолари хавфсизлик ва терроризм билан курашга доир масалаларни кўриб чиқишади. 2002 йилдан буён ташкилот аъзолари мунтазам равишда аксилтеррор машқларини ўтказишади. 
2011 йилнинг 15 июнида ШҲТнинг ўн йиллик саммитида мамлакатлар раҳбарлари Гиёҳвандликка қарши стратегия ва уни амалга ошириш дастурини тасдиқлашди.