Жаҳон | 19:10 / 15.06.2016
5361
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт компаниясининг махфий тақдимот слайдларини твитламаслик ҳақидаги илтимоси унга 8 миллиард долларга тушди

13 июнь куни Янги Орлеанда ёпиқ конференция бўлиб ўтди, унда Диабет билан курашувчи Америка ассоциацияси (American Diabetes Association, ADA) Novo Nordisk A/S компаниясининг янги препаратига доир тадқиқот маълумотларини тақдим этди. Маълумотлар махфий бўлган, тадбир ташкилотчилари меҳмонлардан тадқиқот маълумотларини ижтимоий тармоқларда чоп этмасликни сўраб махсус мурожаат қилишган, бироқ ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқа олмади, деб хабар беради Bloomberg. 

Янги Орлеандаги Scientific Sessions 76-тиббиёт анжуманига бир неча юз киши ташриф буюрган. Улар анжуман ўтаётган "Етакчи" сўзи ёзилган зал, кираверишдаги навбат кутиш акс этган суратлар, диабет билан курашишга мўлжалланган Victoza препаратининг тадқиқот маълумотларини  Твиттерда эркин чоп этишган. 

Бироқ тадқиқот натижалари тақдимотига келганда, ташкилотчилар конференция иштирокчиларини препаратнинг самарадорлиги ҳақидаги маълумотлар берилган слайдларни ҳеч қаерда чоп этмасликни сўрашган. Слайдларнинг ўзида ҳам бундай огоҳлантиришлар эслатиб турилган.

Эҳтиёт чораларининг кўрилиши - Янги Орлеандаги ёпиқ тақдимот маросимидан бир неча соат ўтиб, тадқиқот натижалари оммага расман эълон қилиниши кераклиги ва маълумотларни чоп этиш эмбаргони бузиши билан изоҳланди. 

Конференцияга ташриф буюрганларни ҳаттоки кўп мартали огоҳлантиришлар билан ҳам тўхтатиб бўлмади. Дарҳол Твиттерда слайдларнинг суратлари пайдо бўлди, уларга кўра, янги Victoza препарати юрак ҳуружи ва инсульт хавфини 13 фоизга, уларнинг натижасидаги ўлим ҳолатларини эса 22 фоизга камайтириши маълум бўлди. ADA вакиллари бу слайдларни интернетдан олиб ташлашга ҳаракат қилишди, аммо уринишлар беҳуда бўлди - маълумот ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурганди. 

14 июнь куни Novo Nordisk A/S'нинг акциялари 5,6 фоизга тушиб кетди, бу унинг январь ойидан бери энг кескин тушиш кўрсаткичи эди: натижада компаниянинг бозор нархи 7,77 миллиард долларга тушиб кетди. Инвесторлар тадқиқот натижаларидан қониқиш ҳосил қилишмади: аналитиклар янги препаратнинг 13 эмас, 15 фоиз самарадорликка эришишини кутишган эди, зеро, март ойида ишлаб чиқарувчи ўзининг шахсий прогнозларидан ўзиб кетишга ваъда берганди. 

Манбанинг таъкидлашича, бозор акцияларининг тушиши ADA конференциядаги меҳмонларига вақтидан илгари тарқатишни тақиқлаган маълумотларнинг нақадар муҳим бўлганлигини кўрсатади.