Жаҳон | 10:55 / 15.06.2016
4224
2 дақиқада ўқилади

Токио мэри молиявий можаро сабаб истеъфога чиқди

Япония пойтахти Токио шаҳри мэри Еити Масудзоэ кўплаб молиявий ноҳақликларда айбланаётгани боис, вазифасидан кетиши ҳақида баёнот берди, деб хабар қилмоқда Kyodo агентлиги.

Аниқлик киритилишича, шу ҳақдаги ариза куннинг биринчи ярмида Токио қонунчилик ассамблеяси раисига киритилган. Тушдан сўнг, мэрга ишончсизлик лойиҳаси бўйича овоз бериш бўлиб ўтиши керак эди. 

Аввалроқ, Токио қонунчилик ассамблеясида маъруза қилган Масудзоэ мэрнинг барча маошини қайтаришга ваъда бериб, сентябргача ишлашга имкон беришни сўраган эди. 

Токио мэри атрофидаги можаро, унинг ҳар ҳафта давлат автомашинасида дачага дам олишга бориши, унинг сиёсий жамғармалари ҳисобидан оилавий саёҳатлар уюштириши ошкор бўлгач, авж олиб кетди. 

Кейинроқ ўтказилган суриштирув ишларида, шаҳар мэри жамғармалар маблағига картиналар ва Хитой ипак либосини харид қилгани ойдинлашди. 

Бундан ташқари, мэрнинг рафиқаси раҳбарлик қиладиган илмий-тадқиқот институтининг юридик манзили Масудзоэнинг шахсий уйи манзилига мос келади. Бу эса, мэр институтдан ҳар ой ижара пули олганини билдиради.