Ўзбекистон | 16:40 / 15.06.2016
6213
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида янги йўналиш иш бошлайди

15 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан Алоқа музейида кенг оммани кириш имтиҳонларидаги янгиликлар билан таништириш учун матбуот анжумани ўтказилди.

Янги ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университети логистика бўйича янги йўналиш очмоқда. Ушбу йўналишга 2016-2017 ўқув йилида 80 нафар талаба қабул қилинади.

Корея Республикасидаги Инҳа университетининг логистика соҳасидаги ўқув дастури Кореядаги учта энг яхши дастурлардан биридир. Инҳа университети Hanjin компаниясининг бир қисми бўлиб, у компаниянинг турли тузилмаларига, жумладан, Korean Air компанияси учун мутахассис етказиб берувчи асосий ўқув маркази ҳисобланади.

Янги йўналиш Ўзбекистон ҳукуматининг транспорт ва логистика соҳасига қаратаётган катта аҳамияти ва логистика мутахассисларига бўлаётган катта талабни ҳисобга олган ҳолда очилди.

Ушбу йўналишни муваффақиятли якунлаган мутахассислар логистика жараёнларини бошқариш – логистика компаниясини тузишдан то унинг фаолиятини юритишга қадар бўлган барча билимларни эгаллайдилар.

Факультетнинг янги ўқув дастури халқаро логистика, маҳсулотларни етказиб бериш тизимини бошқариш, юк ташиш, авиа ва темир йўл транспортини бошқариш тизими, бизнес жараёнларни бошқариш, ресурсларни режалаштириш ҳамда бошқариш ва бошқа профессионал модуллар асосида қурилган.

Битирувчилар нафақат халқаро ва маҳаллий компанияларда иш топа оладилар, балки логистика бўйича ўзларининг бизнесларини ҳам юритишлари мумкин.
Ҳозирги кунга келиб, университет томонидан мажбурий ва факультатив бўлган ўқув дарслари ишлаб чиқарилди. Улар билан университетнинг сайтида танишиш мумкин.