Тожикистон президенти ва АҚШ генерали мудофаа ҳамкорлиги мавзусида музокара ўтказди
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Жозеф Вотел 15 июнь куни Душанбеда мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласида музокара ўтказишди.
“Учрашув вақтида Тожикистон ва АҚШ ҳамкорлиги масалалари юзасидан музокара ўтказилди. Музокаралар мавзуси мудофаа ҳамда минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалалари бўлди”, - дейилади Тожикистон президенти матбуот хизмати берган маълумотда.
Раҳмоннинг таъкидлашича, “Тожикистон АҚШ билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш минтақа тинчлиги ва хавфсизлиги, айниқса, бу ҳолатни Афғонистонда таъминланишига кафолат бўла олади, деб ҳисоблайди”.
Томонлар, шунингдек, АҚШ Халқаро молиявий кўмак дастуридаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ҳам музокара олиб боришди.