Жиззах вилоятида маҳалла раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови якунланди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови Жиззах вилоятида якунланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
– Сайловлар демократик тамойиллар асосида тенглик ва ошкоралик руҳида юқори савияда ўтди, – дейди Жиззах вилояти фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси Баҳром Мамажонов. – Сайловда вилоятда рўйхатга олинган 29 минг 142 сайловчилар вакилларининг 86 фоизи раис ва уларнинг маслаҳатчиларини сайлашда иштирок этди.
Вилоятдаги 15 шаҳарча, 99 қишлоқ, 199 маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловларда 304 фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг 2 минг 972 маслаҳатчиси сайланди. Мавжуд 304 фуқаролар йиғинига ишчи гуруҳлар томонидан муқобиллик асосида 3-4 тадан, жами 950 номзод таклиф этилди. Фуқаролар йиғинларининг 68 тасида сайлов яширин овоз бериш орқали амалга оширилди. Раисларнинг 234 таси ёхуд 77 фоизи биринчи марта сайланди.
Сайланган раислар таркибида мутахассислиги педагог бўлган, тарбиявий ишда тажрибага эга ўқитувчилар сони ортиб бораётгани “Маҳалла – тарбия маскани” дейилган таърифнинг исботидир. Жумладан, 2013 йили сайланган раисларнинг 21 фоизини ўқитувчилар ташкил этган бўлса, бу гал ушбу касб эгалари 28,3 фоизга етди.
Сайловда ёш ва янгича фикрлайдиган номзодларга кўпроқ ишонч билдирилди. Шу боис сайланган раислар олдингиларга нисбатан анча яшарди. Жумладан, сайланган раисларнинг 12,5 фоизи қирқ ёшгача, 41,3 фоизини қирқ ёшдан 50 ёшгача, 46,2 фоизини 60 ёшгача бўлганлар ташкил этди.
Бу сайловда ўтган галгидан фарқли яна бир муҳим жиҳат – маслаҳатчилар таркибида кузатилди. Сайловда 2 минг 972 нафар, ўртача ҳар бир фуқаролар йиғинига 9 нафардан маслаҳатчи сайланди. Ўтган сайловда маслаҳатчилар таркибида олий маълумотлилар 45,6 фоизни ташкил этган бўлса, бу сафар бу тоифадаги маслаҳатчилар 61 фоизга етди. Худди шундай маслаҳатчилар таркибида халқ таълими соҳаси ходимлари ва ҳуқушунослар сони ҳам ошди.