2016 йилда АҚШ Украинани 220 миллион доллар билан таъминлайди
АҚШ раҳбарияти жорий йилда Украина ҳукуматига ислоҳотларни ўтказиш учун 220 миллион доллар ажратади. Бу ҳақида Оқ уй расмийлари хабар берган.
"АҚШ вице-президенти Жо Байден Вашингтонда Украина бош вазири Владимир Гройсман билан учрашиб, Оқ уй Украинага иқтисодий, сиёсий ва энергетика ислоҳотлари учун янги ёрдам дастури сифатида 220 миллион доллар ажратишини билдирди. Бу дастур Украинанинг демократик институтлар ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ўсиш ва гуманитар эҳтиёжларни қондириш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашнинг давоми ҳисобланади", - дейилади хабарда.
Бу ташаббуслар АҚШ ҳукумати 2014 йилдан буён амалга ошириб келаётган 1,3 миллиард доллар ҳажмидаги ёрдам дастурининг бир қисми эканлиги таъкидланди.
Пул воситалари "божхона соҳасидаги ислоҳотларни ўтказишга, шу жумладан ҳуқуқий, меъёрий ва инфратузилма жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ва божхона мониторинги марказини яратишга" йўналтирилиши маълум қилинди.
Бу ерда гап коррупция билан курашиш ҳақида ҳам кетмоқда, бунинг учун Вашингтон суд тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. АҚШ Украинада антикоррупция тузилмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.
Бундан ташқари, ҳужжатда энергохавфсизликни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳам қайд этилган.
Шу билан бирга чет элдаги хусусий инвестициялар бўйича давлат Корпорацияси 9 июнда Украинадаги қатор жабҳаларни (қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш, турар жой сектори) маблағ билан таъминлайдиган иккита фондга 62,5 миллион доллар ажратишини тасдиқлади.