Атамбаев: Терроризм муаммосини куч ишлатиб ҳал этиб бўлмайди
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг фикрича, терроризм ва экстремизм муаммосини куч ишлатиш йўли билан ҳал этиб бўлмайди.
"Қирғиз Республикаси терроризм ва эктремизмни куч ишлатиб ҳал этиб бўлмаслигини яхши тушунади. Биз мамлакатимиз, аҳоли билан ишлашнинг янги усулларида намуна бўлишини хоҳлаймиз. Бундан ташқари, барқарор дунёвий давлат қуришда диний етакчилар билан ижобий ҳамкорлик қилмоқчимиз", — деган президент халқаро аксилтеррор анжуманида қилган чиқишида.
Унинг қайд этишича, республикада душманона кайфият ва муросасизлик кўринишларига қарши чоралар сифатида таълим соҳасига бўлган қараш ўзгартирилган. Мактаб дастурларига, диний маданият бўйича дарслар киритилган. Диний таълим муассасалари тизими ва меъёрлари ишлаб чиқилган.
Президентнинг ишонч билдиришича, давлат идоралари, фуқаролик жамиятлари ва диний ташкилотларнинг қўшма фаолияти диний экстремизмга қарши энг яхши муқобил чорадир.
Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилларида, МДҲ аксил террор маркази ҳомийлигида "Замонавий коммуникацион технологиялар тараққиёти даврида экстремистик ва террористик фаолиятга қарши курашда халқаро ҳамкорлик" мавзусида конференция бўлиб ўтмоқда.