Британиянинг ЕИда қолиши тарафдори бўлган депутат сайловчилар билан учрашув вақтида ўлдирилди
Буюк Британиянинг Лейбористлар партияси аъзоси Жо Кокс Лидс шаҳри яқинида Бристоллда сайловчилар билан учрашув чоғида қуролли ҳужумга учраб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Уэст-Йоркшир графлиги полиция бўлими хабар берган.
“У олинган турли жароҳатлар натижасида ҳаётдан кўз юмган”, - деб маълум қилган графлик бош констебли Ди Коллинс.
Гувоҳларнинг айтишича, Кокс кутубхонада сайловчилар билан учрашувга кетиш вақтида ҳужумга учраган, 52 ёшли Томми Мэйр исмли қотил унга бир неча бор пичоқ санчган ва сўнгра тўппончадан ўқ узган. Қотил шу заҳоти қўлга олинган, айни пайтда полиция ходимлари уни сўроқ қилмоқда.
Депутат Сурияда бўлаётган фуқаролар уруши жабрдийдаларини ҳимоялашда фаол бўлган. Ўтган йилнинг кузида у Буюк Британиянинг Суриядаги ИШИД террорчилик ташкилотига қарши курашувчи Ғарб коалициясига қўшилишига қаршилик қилган.
У шунингдек, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида қолиши тарафдори эди. Қотил эса унга зид фикрда экани ва қотилликка шу сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ушбу воқеадан сўнг Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиши бўйича иккита расмий кампания вақтинчалик тўхтатилди. Бош вазир Девид Кемерон Гибралтарга сафарини бекор қилди.