Raspberry Pi’нинг йирик ишлаб чиқарувчиси 871 млн долларга харид қилинди
Raspberry Pi мини компьютерини ишлаб чиқарувчи Premier Farnell Швейцариянинг электрон бутловчи қисмлар етказиб берувчи Daetwyler Holdings компанияси томонидан 1 млрд швейцар франки (871 млн доллар) эвазига харид қилинган. Bloomberg тарқатган хабарга кўра, компанияларнинг бирлашуви электрон компонентлар бозорида муваффақиятли рақобат қилишига имкон беради.
Буюк Британияда жойлашган Premier Farnell 30-йиллардан электроника маҳсулотларини сотиш билан шуғулланиб келган бўлиб, Raspberry Pi мини компьютерларини ишлаб чиқиш бўйича лицензия эгаларидан биридир. Бу маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, муҳандис ва педагоглар орасида оммалашиб кетган.
Банк карточкаси ҳажмидаги мини-компьютерларни ишлаб чиқиш Premier Farnell’нинг асосий йўналишларидан бири бўлди. The Wall Street Journal’нинг ёзишича, 5 долларлик Pi Zero ҳамда ҳар бири 33 доллардан сотиладиган Pi 2 ва Pi 3 каби Raspberry Pi ҳисоблаш техникаларини ишлаб чиқарувчи бўлими ўтган йилда компаниянинг 16 фоиз даромадини келтирган.
Daetwyler эса саноатнинг турли соҳалари учун электроника ва герметика ечимларини таклиф этади.