Samsung ўзининг "булут"ини яратиш учун Joyent стартапини харид қилди
Жанубий Кореянинг электроника ишлаб чиқарувчи гиганти Samsung Electronics Американинг "булут"ли технологиялар соҳасида ишлайдиган Joyent стартапини харид қилганини маълум қилди. Ҳозирча унинг қиймати эълон қилинмаяпти.
Samsung компанияси Joyent’ни харид қилиш билан, мобиль ва бошқа хизматларини ривожлантириш учун ўзининг масофада сақлаш платформасини ишлаб чиқиш имконига эга бўлади.
Битим якунига кўра, Joyent Samsung таркибига, унинг шjхобчаси сифатида киради. Компания мобиль қурилмалар ишлаб чиқарувчи бўлинмасида ишлайди.
Шу билан бирга, Samsung Joyent савдо белгисини сақлаб қолишга ваъда берган. Компания бош директори Скотт Хаммонд ва бошқа бош менежерлар ҳам ўз ўрнида қолишади.
Хаммонднинг ишонишича, Samsung билан ҳамкорлик қилиш Joyent’га булут технологиялари соҳасининг йирик вакиллари Amazon AWS ва Microsoft Azurе’лар билан рақобат қилишга шароит яратади.
Таъкидлаш жоизки, охирги бир неча йил ичида Samsung Американинг учинчи компаниясини харид қилмоқда. У 2015 йил февралида Apple Pay тўлов тизимига ўхшаш LoopPay’ни 250 млн долларга харид қилганди. 2014 йил ёзида эса, буюмлар интернетидаги стартап SmartThings’ни 200 миллион долларга сотиб олганди.