Ўзбекистон | 17:00 / 16.06.2016
7785
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Қутқарув хизмати бошқармасининг қўшма матбуот анжумани ўтказилди

16 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Қутқарув хизмати бошқармаси раҳбарияти иштирокидаги навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Матбуот анжуманида асосий эътибор Тошкент шаҳар Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2016 йил 27 майдаги Тошкент шаҳри ҳудудидаги мавжуд очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, дарё, каналлар ва анҳорларда жорий йилнинг ёз мавсумида хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги буйруғи мазмун-моҳиятига қаратилди.

Шунингдек, Акмал Абдусаматовга сўз берилиб, Тошкент шаҳар Қутқарув хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари пойтахт ҳудудидан оқиб ўтадиган каналлардаги сув ҳароратининг пастлиги боис оқимнинг тезлиги, ушбу каналлар қирғоқларида жойлашган кафе ва чойхоналарда алкоголли ичимликлар истеъмол қилиб сувга чўмилаётган фуқаролар кескин ҳолатларда ўзини йўқотиб қўйиши ҳолатлари кўплаб учраётгани, ҳаво ҳароратининг кескин ошиши, қолаверса, тана ҳароратидаги иссиқ ҳароратнинг совуқ ҳарорат билан кескин алмашиши оқибатида бундай ўзгаришларга тайёр бўлмаган тажрибасиз, сузишни пухта эгалламаган кишиларнинг турли бахтсиз ҳодисларга учраб қолаётгани ҳақида сўзлади.

Жумладан, бу борада Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан таклиф этилган, Тошкент шаҳар ҳудудидаги мавжуд очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари (қўриқланадиган ва қўриқланмайдиган анҳор ва каналлар, чўмилиш зоналари ва ҳовузлар)да фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар йўлга қўйилгани ҳақида айтилиб, ўтган мавсумларда чўкиш билан боғлиқ ҳодисалар рўй берган хавфли жойларда ҳокимликар, посбонлар, камолотчилар, ФВБ қутқарувчи-ғаввослари, ИИБ ходимлари навбатчилиги, кузатув постлари ташкил қилиш бўйича чоралар белгилаб олинди.

Мазкур чора-тадбирлар ҳақида кенг тушунча берилиб, бу тартиб қоидаларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Шаҳар ва ички ишлар бош бошқармасига тегишли бош бошқармалар, туман ҳокимликлари, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Давбионазорат хизмати билан ҳамкорликда шаҳар ҳудудудида оммавий чўмилиш жойларининг ҳозирги ҳолатини жиддий ўрганиб чиқиш, уларнинг қўриқланиши, тиббий-санитария ҳолати, чўкиш билан боғлиқ ҳодисларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни етарли даражада ташкил этилиши каби ҳолатларни ўрганиш, бу бўйича тегишли чоралар белгилаш юклатилгани, таълим соҳаси мутасаддиларига ёз мавсумида бахтсиз ҳодисларнинг олдини олиш мақсадида ўқувчи ва талабалар ўртасида бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш вазифаси юклангани ҳақида сўз борди. 

Матбуот анжуманида ҳар икки бошқарма раҳбарлари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтаришди.