Уйқусизликдан қутилиш учун камроқ ухлаш керак
Сурункали уйқусизликдан қутулиш учун иложи борича тўшакда камроқ вақт ўтказиш керак, деб ҳисоблайди Пенсильвания университети олимлари. Якуний хулосалар бедорлик билан курашиш учун уйқу давомийлигини қисқартириш кераклиги тўғрисидаги юқорида айтиб ўтилган фикрларни тасдиқлади. Ўтказилган тадқиқот натижалари ўттизинчи маротаба ўтказилаётган SLEEP 2016 йиллик анжуманида тақдим этилди. Бу ҳақида Medical News Today тиббиёт портали хабар беради.
400 дан ортиқ киши иштирок этган тадқиқот ярим йил мобайнида амалга оширилди. Бу даврда 394 иштирокчи ўзининг соғлом уйқусини сақлаб қолишга муваффақ бўлди, 31 нафари эса бир марта стрессли уйқусизлик, яна 31 киши сурункали уйқусизликни бошдан кечиришди. Барча кузатувлар олти ой давомида қайд этиб иштирокчилар борган кундаликларга асосланиб ўрганилди. Кеч уйғониш ҳисобига уйқу билан боғлиқ муаммолардан қутилишга ҳаракат қилган инсонларда стрессли уйқусизлик охир-оқибат сурункалига айланган.
Мисол учун, агар инсон тунги 11да ухлашга ётса ва қўнғироқ соатини тонгги 7 га қўйса, барибир 5.30да уйғонаверади. Шу вақтда дарҳол уйғониб, иш қилишга киришиш керак. Олимлар бу ҳолат нафақат стрессли уйқусизлик, балки сурункали уйқусизликни ҳам енгишга ёрдам беришини қайд этишмоқда.