2016 йил Навоий вилоятида 47 минг 700 аҳолининг сув таъминотини яхшилаш белгиланган
Навоий вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва сув иншоотларини реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
– Жорий йилги инвестиция дастурига асосан 47 минг 700 аҳолининг сув таъминотини яхшилаш белгиланган, – дейди Навоий вилояти “Сувоқова” ишлаб чиқариш бошқармаси бош муҳандиси Зоҳид Ҳамроев. – Айни пайтда аҳоли ҳудудларини сув таъминоти тармоқларига улаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу йил вилоятда 23 замонавий массив ҳамда 19 қишлоқда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилган.
2012-2013 йилларда Қизилтепа, Конимех, Кармана, Навбаҳор, Хатирчи туманлари марказларида умумий қиймати 19,9 миллион долларга тенг бўлган 2 янги сув тарқатиш иншооти қурилиб, 3 таси реконструкция қилинди. 152,1 километр сув қувурлари ётқизилиши натижасида 70 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
Жорий йилда ҳам вилоятда 13,3 миллиард сўмлик иш бажарилиб, 133 километр ҳудудда сув қувурлари ётқизилиши режалаштирилган.