Ҳиндистон суди 2002 йил тартибсизликлари иши бўйича 11 кишини умрбод озодликдан маҳрум этди
Ҳиндистон суди 2002 йилда Аҳмадобод шаҳридаги мусулмон туманларида қирғин уюштиришда айблаб, 11 кишини умрбод озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Гужарот штатидаги Гульбарг ҳамжамиятида 2002 йил 28 февраль куни бўлган қирғин штатдаги динлараро қарама-қаршиликнинг бир кўриниши эди. Ҳиндулардан иборат одамлар жамоаси Аҳмадободдаги мусулмон туманларига ҳужум қилган. Қурбонлар сони 69 кишини ташкил этиб, улар орасида мамлакат парламентининг собиқ депутати ҳам бўлган. Бунга бир кун олдин мусулмон жамоасининг Годрадаги ҳиндулар бор поездга ҳужум қилгани сабаб бўлган. Ўша қирғинда 60 ҳинду ҳалок бўлган эди. Ушбу тартибсизлик оқибатида 800 мусулмон ва 250 ҳинду жабр чеккан.
Ушбу воқеа юзасидан 60 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Июнь бошида суд уларнинг ўн бир нафарини қотилликда айблади. Уларнинг бари умрбод қамоқ жазосини олди. Яна ўттиз нафар киши турли айбловлар билан айбланиб, етти йилдан ўн йилгача қамоқ жазосига тайинланди.