ОАВ: Япония Сомали қирғоқларидаги қароқчилар билан курашиш миссиясини бир йилга узайтирди
Япония Сомали қирғоқларидаги Адан кўрфазида қароқчилар билан курашиш бўйича денгиз мудофаа кучлари миссиясини бир йилга узайтирди. Бу ҳақида Киодо агентлиги хабар берди.
Бу минтақадаги хавфсизликни таъминлашда қатнашувчи мудофаа кучлари сони ўзгаришсиз қолади. Ҳозирда унга иккита эсминец ва иккита P-3C Orion кемага қарши патруль самолёти жалб қилинган. Сомали қирғоқларидаги жанговар миссияни умумий ҳисобда 600 нафар мудофаа кучлари бажармоқда. Кема ва самолётлар йирик тижорат кемаларига ҳамроҳлик қилишади ҳамда қароқчиларнинг қайиқларини кема йўлларидан ҳайдашади.
Япон кемалари гуруҳи 2009 йилдан буён Адан кўрфазида жойлашган, ўшандан бери мудофаа кучларининг хизмат муддати етти марта узайтирилди. Улар бу йиллар ичида 3,5 мингдан ортиқ юк ва йўловчи кемаларини мудофаа қилишди.
Сомали қирғоқларида бир қанча халқаро аксилқароқчи операциялари ўтказилади, шу жумладан, "Атланта" (ЕИ) ва "Океан қалқони" (НАТО). Ушбу миссиялардан ташқари Россия, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Сингапур, Майлайзия, Корея Республикаси ва Япония мамлакатлари минтақада қароқчиликка қарши кураш олиб боришмоқда.