Вазир БАА ҳарбийлари Ямандаги амалиётлардаги иштирокини тўхтатиши ҳақидаги баёнотини инкор этди
Бирлашган Араб амирликлари қуролли кучлари Яман ҳудудида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция сафида ҳарбий амалиётларда иштирок этишда давом этади. Бу ҳақда "Аш-Шарқ ал-Аусат" газетаси мамлакат ташқи ишлар вазири Анвар Гаргашга асосланиб хабар тарқатган. Вазир бироз олдинроқ ўзининг БАА яриморол жанубидаги ҳарбий ҳаракатлардаги иштирокини тўхтатиши ҳақида берган баёнотини рад этган.
"Биз уруш ҳолатидамиз. Менинг сўзларимни хато изоҳлашибди", деган у.
Гаргаш "БАА Қуролли кучлари Саудия Арабистони билан ҳамкорликда ўз вазифасини бажаришда давом этиши ҳамда коалиция уруш тўхтагани ҳақида эълон қилмагунича, ҳарбий ҳаракатлардаги иштирокини давом эттириши"ни билдирган.
Бир кун олдин вазир БАА ҳарбийлари бундан буён Ямандаги урушда иштирок этмаслиги ҳақида баёнот билан чиққанди.
"Бизнинг позициямиз аниқ: Уруш бизнинг аскарлар учун тугаган. Ҳозир биз сиёсий саҳнадаги вазиятни кузатмоқдамиз ва яманликларнинг ўз ҳудудларини озод этишдаги ҳаракатларига хайрихоҳлик билдирамиз", деганди у.
Ямандаги сиёсий инқироз 2014 йилдан буён давом этмоқда. Вазият 2015 йилнинг 26 март кунида Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция Абд Раббо Мансур Ҳодий бошчилигидаги Яманнинг қонуний ҳукуматига исёнчи ҳусийчиларга қарши урушда ёрдам бериш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни бошлагач, янада чигаллашди. Коалиция таркибида саудияликлардан ташқари, БАА, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Миср, Иордания, Марокаш ва Судан ҳарбийлари бор.
2016 йилнинг 11 апрелида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битим тузилган, лекин томонлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб турибди. Коалиция самолётлари Яманда ҳаво зарбалари амалга оширишда давом этмоқда.
ОАВ маълумотига кўра, Яманда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён БААнинг 80 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда шу вақтгача томонларнинг йўқотишлари сони 7 минг нафардан ортган.