Фан-техника | 18:46 / 17.06.2016
7064
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi компанияси 100 млн дан ортиқ Redmi смартфонини сотишга эришди

Хитойнинг Xiaomi компанияси 3 йил муқаддам 2013 йил июль ойида Redmi смартфонлари туркумини тақдим этган эди. Айтиш жоизки, Redmi қурилмалари техник тавсифи, сифати ва арзонлиги билан тезда Хитой ва жаҳон смартфонлар бозорида оммалашиб кетди. Xiaomi компаниясининг асосчиси ва бош директори Лэй Цзюннинг яқинда берган баёнотига кўра, унинг компанияси 110 миллионга яқин Redmi туркумидаги қўл телефонларини сота олган. Бу эса компания учун ўзига хос юқори кўрсаткичдир. 

Бугунги кунда Redmi туркумида 9та смартфон ишлаб чиқилган. Булар: Redmi, Redmi 2, Redmi 2A, Redmi 3, Redmi 3S, Redmi Note, Redmi Note Prime, Redmi Note 2 ва Redmi Note 3 дир. 

Бундан ташқари, унинг маҳаллий бозор учун мўлжалланган ҳар хил Pro-намуналари ва моделлари ҳам мавжуд. Қайд этиш жоизки, компания қурилмаларини деярли ўз таннархида сотади. Шу боис 100 долларга металл корпусга эга, 3 Гб оператив хотирали, бармоқ излари сканери ва бошқа имкониятларга телефонни харид қилиш мумкин.