Ўзбекистон | 17:00 / 17.06.2016
3544
2 дақиқада ўқилади

Жиззахнинг чекка қишлоқ туманларида 12 маиший хизмат комплекси барпо этилмоқда

Жиззахда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

– “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлашга 621 миллиард 298 миллион сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган, – дейди Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Тўраева. – Жорий йилнинг биринчи чорагида 127 миллиард 158,7 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилди. Дастур асосида вилоят она ва бола скрининг маркази рақамли диагностик ультратовуш текширув тизими билан жиҳозланди.  Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, патронаж тиббиёт ҳамшираларини кўпайтириш, акушер-гинеколог ва болалар шифокорлари малакасини ошириш, болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш йўналишидаги ишлар режа асосида давом эттирилмоқда. Чекка қишлоқ туманлари аҳолиси, айниқса, хотин-қизлар учун зарур шароитлар яратиш мақсадида “Гўзаллик салони”, модалар ательеси, электромаиший техникалар ва пойабзал таъмирлашга мўлжалланган 12 маиший хизмат комплекси барпо этилаётир.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотларининг Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишдаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.