Арон Гуннарссон: «Криштиану ўшанда менга футболкасини туннелда бериши ҳақида айтганди»
Исландия терма жамоаси сардори Арон Гуннарсон ўз орзусига етишгани ҳақида гапирди.
«Роналду менинг кимлигимни сўрамаганди. Аниқки, у айтишганидек димоғдор одам эмас. Мен ундан мен билан футболка алмашишга рози бўлишини сўрадим ва у шундай жавоб қайтарди: «Туннелда». Бу вазият бўйича тарқалган миш-мишларда заррача ҳақиқат йўқ. Мен унинг футболкасига эга бўлишни орзу қилардим. Мен «Манчестер Юнайтед» мухлисиман, Роналду эса бу жамоада ажойиб ўйинлар кўрсатган. Шунинг учун унинг ҳам мухлиси эдим ва ундан футболка олишни истардим», – дея Гуннарссоннинг сўзларини келтиради Tribuna сайти.
Бундан аввалроқ нашрларда исландиялик футболчи Роналду билан футболкасини алмаштириш учун унга икки марта мурожаат қилгани, Гуннарссон учинчи бор «Реал» ҳужумчисига мурожаат қилганида «Футболка алмашамиз? Кимсан ўзи?» деган жавоб олгани ҳақида айтилганди.
Евро–2016 фаворитларидан бири сифатида эътироф этилган Португалия термаси Европа чемпионатида дебют қилган Исландия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.
Бугун Исландия Венгрияга қарши ўйнайди. Португалияни эса Австрияга қарши ўйин кутмоқда.
Манба: Tribuna.UZ