1-Рамазон ойи туфайли Райён эшигидан кирувчилардан бўл! 
Саҳл разияллоҳу анҳудан ривоя қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: “Жаннатда Райён деб аталувчи бир эшик борки, қиёмат кунида ундан рўзадорлар кирадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўзадорлар қани?”, деб нидо қилинади. Шунда улар (мазкур эшикдан жаннатга кириш учун) ўрниларидан турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмагай. (Рўзадорлар ўша эшикдан) кириб бўлгач, у ёпилади ва ортиқ ундан ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).
 
2-Рамазонда аввалги барча гуноҳлари кечирилувчилардан бўл! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Кимки, Рамазон (рўзаси)ни (фарзлигига) иймон келтиргани учун ва савоб умид қилиб, тутадиган бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Кимки, Қадр кечасини (фазилатига) иймон келтириб ва савоб умидида (ибодат билан) қоим қиладиган бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилур” (Имом Бухорий ривояти).
 
3-Унинг ҳаққига Аллоҳ ва фаришталари саловот айтадиган кишилардан бўл! 
Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Саҳарликни ейиш баракадир, шундай экан, ҳеч бўлмаса бир қултум сув ичиб бўлса ҳам (саҳарлик қилинг) уни тарк этманг. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг малоикалари саҳарлик қилувчиларга саловотлар айтурлар” (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
 
4-йил бўйи рўза тутувчилардан қаторидан бўл! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деётганларини эшитдим: “Сабр ойи (яъни рамазон) ҳамда ҳар ойдан уч кун рўза тутмоқ умрбод рўзадир” (Ибн Асокир ривояти). 
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимки, Рамазон (рўзаси)ни тутиб, сўнгра шаввол (ойи)дан олти кунни унга эргаштирса (яъни рамазондан сўнг шаввол ойидан олти кун нафл рўза тутса), бу умрбод рўза каби бўлади” (Имом Аҳмад, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари). 
Ҳадиси шарифда келган “умрбод рўза” деган сўз уламолар томонидан йил бўйи рўза тутиш деган маънода талқин қилинган.