Жаҳон | 07:19 / 18.06.2016
9924
1 дақиқада ўқилади

Евро-2016: Россия-Уэльс учрашуви юқори хавфлиликка эга учрашув тоифасига киритилди

Франция ҳукумати Евро-2016 гуруҳ босқичининг 3-туридан ўрин олган Россия-Уэльс учрашувини юқори  хавфлиликка эга учрашув тоифасига киритди. Бу ҳақда Юқори Гаронна ва Лангедок-Русийон-Юг-Пиренеи департаменти префекти Паскаль Майос маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот муассасалари футбол фанатлари иштирокида тўқнашувлар ва тартибсизликлар бўлиши мумкинлигидан хавотирланишмоқда. Учрашув билан боғлиқ хатарлар шкаласи бўйича учрашув 3 баллдан 4 баллгача кўтарилди. Шунинг учун учрашув хавфсизлигини таъминловчи полиция ва жандармлар сони 600 кишига, яъни 1,9 минггача оширилди.

Бундан ташқари, ҳукумат спиртли ичимликлар сотишга тақиқловни кучайтиради. Кафе ва барлар эгалари ўз муассасаларини яримтундан кеч бўлмаган вақтда ёпишлари керак бўлади.

Россия ва Уэльс ўртасидаги учрашув 20 июнда Тулузада бўлиб ўтади. Учрашув соат 00:00 да бошланади.