Кэмерон ЕИга аъзоликка оид референдум натижасига қарамай лавозимидан кетмайди
Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон мамлакатнинг ЕИга аъзолиги бўйича ўтказиладиган референдум қандай натижа билан якунланишига қарамай, ўз вазифасида қолишини билдирди. У зарур бўлган тақдирда, расмий Лондон ва Брюссель ўртасидаги музокараларни олиб боришга тайёр. Кэмерон The Times газетасига берган интервьюсида шундай баёнот берган.
"Шунчаки ишлашда давом этаман. Мен Британия халқининг консерваторлар ҳукуматида ишлаш ва референдум ўтказиш учун берган ваколатига эгаман", - деб қайд этган Британия ҳукумати раиси.
Буюк Британиянинг ЕИ таркибида қолишига ойдинлик киритувчи умумхалқ референдуми 23 июнь куни бўлиб ўтади.
Айтиш жоизки, у Бирлашган қироллик тарихидаги учинчи умуммиллий овоз бериш жараёни ҳисобланади. 1975 йили британияликлар мамлакатнинг Европа иқтисодий ҳамжамиятига аъзолигини маъқуллашган эди. 2011 йилда эса, миллий сайлов тизимига ўзгартиришлар киритишни рад этишганди.