Мактабдаги бўш иш ўрини учун пора талаб қилган директор ўринбосари фош этилди
2015 йил май ойининг охирлари, мактабда қурилиш ишлари олиб борилаётган эди. Мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Барно Назарова директор Акмалжон Маҳмудов билан қурилиш юзасидан ташкилий ишларни ҳал қилаётганди. Шу пайт Акмалжоннинг уяли телефонига бир аёл қўнғироқ қилиб, ўзини Гўзал дея таништирди-да, учрашишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Акмалжоннинг агар имконияти бўлса, истироҳат боғи ёнига келишини сўради Орадан қанча вақт ўтмай, ўзини Гўзал деб таништирган бир аёл келиб, Акмалжон билан салом-алик қилиб, суҳбатлаша бошлади. Маълум бўлишича, Гўзал мактабда ишга жойлашиш, шунингдек, 7 ёшга тўлган жиянини 1-синфга қабул қилиш ҳақидаги илтимос билан келган экан. Бу эса Барнонинг эътиборини тортмай қолмади.
У бироздан кейин Гўзал билан суҳбатлашар экан, кўнглида ғараз ният уйғонди. Мактабда кадрлар масаласи бўйича фақат ўзи шуғулланишини, айни пайтда инглиз тили фани ўқитувчилиги бўйича вакант ўринлар борлигини айтиб, Гўзални қизиқтириб қўйди. Сўнгра мақсадга кўчиб, бу ишни битириш учун 500 АҚШ доллари беришни шаъма қилди.
Аёл директор ўринбосарининг таклифи қонунга хилоф эканлигини тушунди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилди.
...Барно Назарова мактаб биносининг биринчи қаватида кутиб турган экан. Гўзал келиши билан уни ичкари хонага бошлаб кирди. Ундан 500 АҚШ долларини олгач, тегишли ҳужжатларни кейинчалик олиб келишини тайинлади. Шу пайт хонага департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси ва Андижон шаҳар бўлими ходимлари кириб келишди. Шу тариқа Б.Назарованинг ғаразгўйлик ниятида режалаштирган жинояти фош этилди.
Суд ҳукмига кўра, Барно Назарова қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилди.