NASA тўлиқ электрлаштирилган самолётнинг биринчи прототипини тақдим этди
АҚШ миллий космик агентлиги (NASA) Maxwell номи билан машҳур X-57 - тўлиқ электрлаштирилган самолётнинг биринчи прототипини намойиш қилди. Бу ҳақида ташкилотнинг расмий сайтида хабар қилинди.
17 июнь, жума куни NASA ҳар йили ўтказиладиган Вашингтондаги Америка аэронавтика ва астронавтика форумида X-57 прототипини тақдим этди. Самолёт 14та пропеллер двигатель билан таъминланган ва уларнинг барчаси ўзига хос тузилмага эга бўлган қанотларга бириктирилган.
NASA ходимлари электр двигателлар самолётларни янада шовқинсизроқ, самаралироқ ва экологик тоза қила олади, деб ҳисоблашмоқда.
"X-серияли самолётларнинг NASA тадқиқот имкониятлари кўламига қайтиши - X-57 самолётининг ишлаб чиқарилиши авиация оламида янги даврнинг бошланишига қўйилган биринчи қадам бўлади", - дея маълум қилди форумда NASA раҳбари Чарльз Болден.
NASA ишлаб чиқарувчилари пропеллер двигателли учар қурилманинг қанотларида электр энергиясининг тақсимланиши энергиянинг беш карра тежалишига олиб келади, деб умид қилишмоқда.
Бундан ташқари мазкур технология атмосферага карбонат ангидрид чиқиндиларини чиқаришни истисно қилади ҳамда фуқаролик авиациясида қўлланиб келинаётган қўрғошин асосидаги авиацион ёқилғига талабни камайтиради.