Путин АҚШ Россияга хавф солувчи ракетани сафга киритишини маълум қилди
Россия президенти Владимир Путин Россия раҳбарияти АҚШ нечанчи йилга Россия ядровий салоҳиятига хавф солувчи катта радиусдаги янги ракетани олишини билишини айтди. Бу ҳақда 17 июнда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.
Путин бу ҳақда Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан суҳбати чоғида маълум қилди.
"Биз америкаликлар таъсир қилиш доираси 500 км эмас, балки минг, ундан кейин эса янада кўпроқ бўладиган янги ракетани тахминан қачон олишини биламиз ва шу вақтдан бошлаб, улар ядровий салоҳиятимизга хавф сола бошлайдилар. Биз йилма-йил нима содир бўлишини биламиз. Улар ҳам биз билишимизни билади", деб айтди Путин.
Путин вазият бундай кетса, дунё янги ўлчовга киришини таъкидлаб ўтди. "Муаммо мана нимада. Ўзларини гўёки ҳеч нарса бўлмаётгандек тутишмоқда. Уларга қандай қилиб етказишни тушунолмаяпман", деб айтди Путин.
Баъзи россиялик ҳарбий мутахассисларнинг фикрича, Путин Block IIB модификациясидаги SM-3 ракетага қарши ракеталарининг серияли ишлаб чиқарилишини назарда тутаётган бўлиши мумкин. Бу ракета ҳозирда мавжуд бўлган Block IA ва IB версиясидаги ракеталардан ўз кўрсаткичлари бўйича устунроқдир. Истиқболли ракета-ушловчи Россия ракеталарини йўналишининг фаол қисмида йўқ қила оладиган кўрсаткичларга эга бўлади.
14 июнда Россия Федерация кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Франц Клинцевич НАТОнинг Россияга "глобал зарбаси" режалари ҳақида айтиб ўтганди. Сенаторнинг айтишича, НАТО бунда Болтиқбўйидаги эски совет базаларидан фойдаланади. "АҚШнинг шиддатли глобал зарбаси ғояси билан боғлиқ равишда тайёрланаётган плацдармлар ҳақида гап кетганда айнан шу базалар назарда тутилади", деб айтди Клинцевич.
Клинцевичнинг айтишича, НАТОнинг бу операцияга тайёргарлиги "АҚШ буйруғи" билан олиб борилмоқда. Клинцевичнинг таъкидлашича, бу ғоя "Россиянинг 3500-4000 муҳим объектлари: бошқарув пунктлари, коммуникациялар, заводлар, ядровий ҳужум воситаларига зарбалар беришни назарда тутади".