Спорт | 10:39 / 19.06.2016
3761
2 дақиқада ўқилади

Евро-2016: Лион ва Лиллда ўйиндан олдинги машғулотлар чим ҳолати қониқарсизлиги туфайли бошқа жойга кўчирилди

Европа чемпионати доирасида А гуруҳининг сўнгги тур ўйинларидан олдинги машғулотлар бошқа жойларга кўчирилди. Мусобақа ташкилотчилари томонидан хабар берилишича, бу чора стадионларнинг майдонлари чимини қониқарли ҳолатда тутиб туриш зарурияти юзасидан қабул қилинган.

А гуруҳининг сўнгги туридан ўрин олган Франция – Швейцария учрашуви Лилль шаҳрида, Руминия – Албания баҳси эса Лион шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган.

Эндиликда, шу жамоалар ўйиндан олдинги машғулотларни захира майдонларида ўтказишади. Лиллдаги машғулотлар "Норд Лилль Метрополь" стадионига кўчирилган, Лиондаги машғулотлар эса маҳаллий жамоа Лионнинг эски стадиони бўлмиш "Жерлан"да бўлиб ўтиши кўрсатилган.

Бундан олдинроқ, УЕФА директори Мартин Каллен Францияда ўтаётган Европа чемпионатидаги стадионларнинг майдони қониқарли аҳволда эмаслигини тан олиб, стадионлар қурилишида ёмғирлар сувлари ва қуёш нури тушиши имкониятлари етарли даражада ҳисобга олинмаганини бунга сабаб сифатида келтирганди. 

Манба: Tribuna.UZ