Ироқ бош вазири: Ал-Фаллужанинг озод қилиниши ИШИД билан жангдаги бурилиш онидир
Ироқнинг Ал-Фаллужа шаҳрининг жангарилардан озод қилиниши ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашнинг бурилиш они бўлди. Бу ҳақда Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий девонхонаси томонидан тарқатилган баёнотда айтилмоқда.
Хабарда айтилишича, "шаҳарнинг ИШИДдан озод қилиниши Ироқнинг бу террорчилик гуруҳига олиб бораётган урушдаги ҳал қилувчи он ҳисобланади". Девонхонада маълум қилинишича, ҳукумат қўшинларининг Ал-Фаллужадаги ғалабаси Ироқ армиясининг Мосулга ҳал қилувчи ҳужумининг бошланиши бўлади.
17 июнда Ироқ бош вазири армиянинг шаҳар устидан назоратни қўлга олганини маълум қилди. Бироқ, унинг айтишича, жангарилар томонидан қаршилик кўрсатишнинг кичик ўчоқлари ҳали ҳам сақланиб қолган.
Ироқнинг йириклиги бўйича 2-шаҳри – Мосулнинг озод қилиниши армия, "пешмерг" отрядлари ва халқ лашкарларининг ИШИДга қарши операциясининг асосий мақсади ҳисобланади. Жангарилар аҳолиси 500 минг кишидан кўпроқни ташкил қиладиган Мосулни ўзининг Ироқдаги пойтахти деб ҳисоблайди. Шаҳар 2014 йил 10 июнда ИШИД томонидан амалга оширилган ҳужум вақтида Ироқ қўшинлари томонидан деярли жангсиз ташлаб кетилганди.