Ливия парламенти раҳбари мамлакатда умумий сафарбарликни эълон қилди
Халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган, Ливия шарқидаги Тобрукда йиғилиш ўтказадиган Ливия парламенти раҳбари Оқила Салоҳ Исо мамлакатда умумий сафарбарликни эълон қилди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали маълум қилди.
Телеканал маълумотларига кўра, "Ливия парламенти спикери умумий сафарбарликни эълон қилди ва армия штаби бошлиғи генерал Абдураззоқ ан-Назурийни мамлакат шарқидаги ҳудудга ҳарбий комендант этиб тайинлади". Бу ҳудуд Ливия шарқидаги Дернадан ғарбидаги Бен-Жавад аҳоли пунктигача қилиб белгиланди. Бу ҳудудлар Ливиянинг шарқидаги соҳилбўйи чизиғининг ярмига яқинини қамраб олади.
Телеканалнинг таъкидлашича, вакиллар палатаси бошлиғи бундай қарорни "мамлакатнинг муваққат ҳукумати ва армиядаги энг юқори даражадаги жиддий маслаҳлашувлардан кейин" қабул қилди.
Ливияда 2011 йил февралдаги халқ ғалаёнлари ва ундан кейин юз берган ҳамда Муаммар Каззофийнинг тахтдан ағдарилиши ва ўлдирилишига олиб келган урушдан сўнг мамлакат иккита қарама-қарши томонга ажралган. Узоқ давом этаётган ҳарбий можарода қолган давлатда иккита ҳукумат ва иккита парламент: жаҳон ҳамжамияти нуқтаи назаридан қонуний Вакиллар палатаси ва Триполида жойлашган Умуммиллий конгресс пайдо бўлди.
Ливияда бир муддат аввал Фаиз Сараж бошчилигидаги янги миллий ҳамжиҳатлик ҳукумати шакллантирилди, бу ҳукумат ҳозирдаёқ кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан тан олинди.