Миср суди Al Jazeera телеканалининг икки журналистини ўлим жазосига маҳкум қилди
Миср суди собиқ президент Муҳаммад Мурсийнинг иши бўйича 6 кишига ўлим жазоси чиқарди, улар орасида Қатарнинг Al Jazeera телеканалининг икки журналисти ҳам бор. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Журналистлар Мурсийнинг узоқ давом этмаган президентлиги вақтида Мисрнинг миллий хавфсизлиги масаласи бўйича махфий ҳужжатларни Қатарга берганликда айбланмоқдалар. Ҳукм устидан шикоят қилиш мумкин.
Телетармоқда бу ҳукм қораланди ва фикрни эркин ифода қилишни бостириш бўйича қатъий кампаниянинг бир қисми деб аталди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини журналистларга ҳамжиҳатлик билдиришга чақирилди. Ўз навбатида Amnesty International ҳуқуқ ҳимоячилари қарорни зудлик билан қайта кўриб чиқиш ва "кулгили айбловларни" бекор қилишга чақирди.
Аввалроқ Миср суди Мурсийни умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилгани маълум қилинганди. Мисрнинг янги ҳукумати Мурсийни Al Jazeera телеканали журналистлари орқали Қатарга махфий ҳужжатларни беришда гумон қилмоқда.