Миссионерлар найрангига алданманг
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 1998 йилдаги янги таҳрирининг 5-моддасида: «Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракат (прозелетизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади», дейилган. Демак, диний конфессиялар ўртасида турли хил нохушликларни келтириб чиқармаслик, бир дин вакили томонидан бошқа динларни камситилишини олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқлаб қўйилган. Ҳозирда республикамизда фаолият кўрсатаётган турли хил ташкилотлар ниқоби остида иш олиб бораётган миссионерларнинг мақсади нима? Сиртдан қўй оғзидан чўп олмайдиган бўлиб кўринган бу миссионерлар аслида кўпни кўрган ишбилармон, илонни ёғини ялаган уддабуронлардир. Улар, аввало, вазиятни, кишиларни, амалдорларни, уларга чиқиш йўлларини яхшилаб ўрганадилар. Кейин эса аста-секин инсоний ёрдам, тиббий хизмат, хайру эхсонга ўхшаш нарсалардан гап очадилар. Кўлидан иш келадиганларга совғалар улашадилар. Аста-секин у ер-бу ердан одамларни тўплаш бошланади, оддий суҳбат, чой ичиш, видеофильм кўриш, кичкинагина совға ва совғага қўшиб суҳбатдошнинг она тилидаги миссионерликни тарғиб қилувчи китоб беришади. Қарабсизки, етти пушти мусулмон бўлиб келган бир шахс миссионерларнинг қурбонига айланади.
Бир пайт қарайсизки, ўзимиздан чиққан ўлжалар ўзимизни бузишга жон-жаҳди билан уринади. Миссионерлар эса бундай хатти-ҳаракатлардан жуда ҳам хурсандлар.
Уларнинг асл мақсади динга киритиш эмас, балки мусулмонларни диндан чиқаришдир. Миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган кишилар умуман тарафдорларининг ахлоқини яхшилаш билан шуғулланмайдилар. Аксинча, улар хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Турли хил ўйинлар, «дискотекалар» ташкил қилишади, ресторанлар очиб, тунги кўнгилхушликлар уюштиришади.
Таассуфки, ҳозирги кунда диёримиздаги айрим ҳудудларда мусулмон фарзандларимизни бошқа динларга оғдириш, яъни миссионерлик ҳаракатлари учраб турибди. Соф ақида нима эканидан бехабар, хақ билан ноҳақликни англаб етмаган баъзи одамлар ўз динларидан кечиб кетишлари жуда ачинарлидир. Бу эса жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланмиш оилада ҳар хил низолар келиб чиқишига сабаб бўлмокда. Уларнинг ўз эътиқодларидан юз ўгиришларининг биринчи сабаби ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан турли хил кўринишдаги моддий рағбатлантиришлардир. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда Осиё давлатларининг бир нечтаси ва Африка қитъасининг аксар давлатларида миссионерлик ҳаракатлари кенг авж олган.
Сўзимнинг интиҳосида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, юқорида айтганимиздек, миссионерларнинг «ғамхўрлиги»га алданиб, уларнинг тузоғига илинган кимсалар аслида исломий ҳаётдан анча йироқ, унинг ҳаётбахш таълимотидан бехабар кишилардир. Акс ҳолда, улар минг йиллар давомида ота-боболари асраб-авайлаб келган муқаддас динини арзимас нарсага, дунё матосига сотмаган, бундай нодонлик ва жаҳолатга йўл қўймаган бўлар эдилар.
Ж.Ҳотамов,
Самарқанд шаҳар “Хўжа Абдумўмин”
жоме масжиди имоми.
Манба: religions.uz