Жаҳон | 07:47 / 19.06.2016
5235
2 дақиқада ўқилади

Озарбайжон президенти мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини 2017 йилга "кўчирди"

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев нефть нархининг пасайиши Озарбайжон учун катта синов бўлганини айтди, деб хабар бермоқда 1news.az агентлиги.

"Нефть нархи 3-4 баробар пасайди. Шунинг учун, албатта, бу биз учун катта синов бўлди. Бироқ биз бу синовдан шараф билан чиқдик. Бу даврда биз жамият янада жипсроқ бўлганини, ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамлангани кўрдик", деб айтди Алиев.

Алиевнинг айтишича, мамлакат ичида жорий сиёсатни қўллаб-қувватлаш янада ошди. 

"2016 йил тарихда иқтисодий барқарорлашув йили сифатида эсда қолади. Кейинги йилдан бизнинг муваффақиятли иқтисодий ривожланишимиз давом этади", деб қўшимча қилди Алиев.

Апрелда Озарбайжон энергетика вазири Натиг Алиев Доҳадаги музокараларнинг муваффақиятига ОПЕКдаги ички зиддиятлар халақит берганини айтганди. Ўша учрашувда нефть ишлаб чиқарувчилар қазиб олиш даражасини музлатиш борасида келиша олмаганлар, бу эса нефть нархини ошириши ва Озарбайжон каби нефть қазиб олувчи давлатларга иқтисодий ўсишда кўмак бериши мумкин эди.