Жаҳон | 10:52 / 19.06.2016
5256
2 дақиқада ўқилади

Трамп республикачилар билан молиявий муносабатларни узишга тайёрлигини билдирди

АҚШлик миллиардер, ўзининг АҚШ президенти лавозимига номзоди қўйилишини кафолатлаган Дональд Трамп ўз партияси билан молиявий муносабатларни узиб, ўз сайловолди кампаниясини ўзи мустақил молиялашга тайёрлигини билдирди. У бу ҳақда 18 июнда Лас-Вегасдаги нутқида маълум қилди.

Тадбиркор агар партиядошлари уни оммавий танқид қилишса ёки ҳийла-найранглар йўли билан президентлик сайловларида иштирок этишдан маҳрум қилишга уринишса, бундай қатъий чораларга боришини айтди. "Агар йирик мағлубиятга учраган бир жуфт йигитлар делегатлар орасида ғалаён кўтаришни ташкиллаштиришга уринаётган бўлса, бундай қилишимга тўғри келади", деб айтди Трамп. 

Миллиардер Республикачилар партияси учун маблағлар йиғиш бўйича тадбирларда иштирок этишни тўхтатишга ва партия томонидан сайловолди кампаниясининг молиявий қўллаб-қувватланишидан воз кечишга тайёрлигини билдирди. "Ҳозирда мен Республикачилар партияси учун мўмайгина пул йиғмоқдаман, хайрия берувчилар жуда кўп, менга буни қилиш ёқади. Ахир биз ўзаро боғлиқ вазиятдамиз, агар республикачилар ёрдам беришни исташмаса, унда мен ўз кампаниямни ўзим молиялаштираман", деб қўшимча қилди миллиардер.

Тадбиркор республикачиларда сайловларда иштирок этиш учун ундан бошқа муносиб номзод йўқлиги сабабли иш бунгача бормаслигига умид билдирди. "Хўш, кимни сайламоқчисиз? Мен ҳаммани ютдим, шунчаки ютмадим, балки тилка-пора қилиб ташладим", деб қўшимча қилди Трамп.