Роналду билан селфи тушиш учун майдонга югуриб чиққан мухлис Португалияга нисбатан интизомий иш очилишига сабаб бўлди
УЕФА Бельгия, Венгрия ва Португалия футбол федерацияларига нисбатан 18 июнь кунги ўйинлардаги воқеалар юзасидан интизомий иш очди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтига асосланиб, Tribuna.uz хабар тарқатган.
Бунга ўйинга ташриф буюрган мухлисларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.
Венгрларга қарши иш очилишига Исландияга қарши ўйин якунида трибунада пиротехникадан фойдаланилгани сабаб бўлган. Бу борада иш 21 июнь куни кўриб чиқилади.
Бельгиялик мухлислар эса трибунада пиротехника қўллашдан ташқари, майдонга буюмлар улоқтиришган. Бу бўйича иш чемпионат якунлангач кўриб чиқилади.
Португалларга нисбатан иш очилиши эса мухлислардан бири Австрияга қарши ўйин якунлангач Криштиану Роналду билан селфи тушиш учун майдонга югуриб чиққани билан боғлиқ. Бу иш ҳам чемпионат якунлангач кўриб чиқилиши айтилган.
Мухлис майдонга тушиб келганида «Реал» футболчиси стадион ходимларидан ишқибозга тегмасликни сўраган ва у билан суратга тушган. Мухлис ўз ниятига етганидан сўнг қўриқчилар уни майдондан олиб чиққан.
Манба: Tribuna.uz