Журналистларга Орландода яримавтоматик милтиқ сотиб олиш учун 38 дақиқа кифоя қилди
Huffington Post нашри журналистлари тажриба ўтказиб, тунги клубдаги отишмадан кейин фавқулодда вазият амал қилаётган Орландода AR-15 яримавтоматик милтиғини сотиб олиш учун қанча вақт керак бўлишини аниқлашди.
Айнан шундай милтиқ (М16 нинг фуқаролик варианти) билан 29 ёшли Омар Матин тунги клубда 49 кишини отиб ташлаган.
Мухбирлар учун милтиқни сотиб олишга 38 дақиқа ва 644 доллар кифоя қилди. Қурол дўкони ходими шахсни текшириш одатда 5 дақиқа талаб қилишини, бироқ оммавий отишмалардан кейин доимо харидорлар фаоллашиши кузатилишини айтди.
Мухбирлар милтиқни сотиб олиш учун ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим қилишди ва тегишли ҳужжатларни имзолашди. Шахсни текшириш бўйича ижобий натижаларнинг келиши бироз вақт олди (background check, бунда қурол сотиб олаётган фуқаро жиноий ўтмишга текширилади).
Таъкидланишича, милтиқ сотиб олингандан кейин уни яна дўконга қайтариш мўлжалланганди, бироқ дўкон ходимлари уни қайтиб олишмагач, уни йўқ қилиш учун Орландо полициясига топширишга қарор қилинди.
Аввалроқ сенатор-демократ АҚШ конгрессида қурол сотишни тақиқлаш ҳақида 15 соат тинмай гапиргани маълум қилинганди. The New York Times газетаси АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп қурол олиб юриш ҳақидаги дебатларда рейтингини кўтариб олиши мумкинлиги фикрини билдирди.
АҚШ фуқароларига қурол олиб юриш ва сақлашга кафолат берувчи АҚШ конституциясига иккинчи тузатма отишмалар билан боғлиқ йирик воқеалардан кейин ҳар гал муҳокама қилинади.