Жамият | 16:05 / 20.06.2016
4500
2 дақиқада ўқилади

8 нафар фуқарони Олмаота шаҳрига сотиб юборган одамфурушлар фош этилди

Фуқаро Басим Туймуратов (исм-фамилиялар ўзгатирилган) ва бошқаларнинг аризасига асосан ўтказилган терговолди текширувда Нукус туманида яшовчи фуқаролар Баурджан Сайитов ва Надир Жанибековлар Б.Туймуратовни Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида жойлашган ғишт заводига олиб боргач, фуқаролик паспортларини йиғиб олгани, 3-4 ой мобайнида турли ишларни қилишса-да, олдиндан келишилган иш ҳақларини бермаганлиги аниқланган. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Маълум бўлишича, 8 нафар фуқаронинг ишсизлигидан фойдаланган икковлон уларга Қозоғистон Республикасида иш борлигини айтиб, ойига 90-120 минг Қозоғистон тангаси беришни ҳамда йўл ҳаражатларини ҳам ўзлари тўлашни ваъда қилишган. Сўнгра ушбу фуқароларни Олмаота шаҳрига олиб бориб, ўша ҳудудда яшовчи Қозоғистон фуқароси Асен исмли шахсга фуқаролик паспорти билан топшириб юборишган. Шунингдек, уларнинг ишлаб топган ҳақларини ҳам беришмаган. Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли модаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.