Екатеринбург сабзавот базасида пиёзлар орасида яширилган гиёҳванд моддаси аниқланди
Россиянинг федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари Екатеринбургдаги мева-сабзавот базасида 20 тоннали фура ичидан сохта пиёз кўринишига келтирилган 25 кг героин гиёҳвандлик моддасини аниқлашди. Бу ҳақда Свердловск вилояти федерал хавфсизлик хизмати бўлими матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Ўтган ҳафтада белгиланган схемага асосан 4-сонли мева-сабзавот базасида 20 тонналик фура текширилганда унинг ичидан пиёз кўринишига келтирилган гиёҳвандлик моддаси аниқланди. Текширув ишлари давомида 230 та пиёз ҳолатига келтирилган 25 кг гиёҳвандлик моддаси топилди. Мутахассис текширувидан сўнг, қадоқчалар ичидаги модда героин эканлиги маълум бўлди”, - дейилади матбуот хизмати берган маълумотда.
Мутахассисларнинг баҳо беришича, ушбу героин тури юқори концентратланган гиёҳвандлик моддаси бўлиб, “999” номи билан аталади. “Ушбу маҳсулотнинг қора бозордаги нархи 1 кг учун 20 минг АҚШ доллари этиб белгиланган”, деб қўшимча қилган бошқарма.
Контрабанда ташкилотчиси Тожикистон фуқароси бўлиб, гиёҳванд моддаларни Қирғизистондан Уралга олиб ўтаётган бўлган. Унга нисбатан Россия Федерацияси қонунчилигига асосан жиноят иши қўзғатилган.