Спорт | 09:04 / 20.06.2016
3988
2 дақиқада ўқилади

"Кливленд" баскетбол жамоаси биринчи маротаба МБА чемпиони бўлди

АҚШнинг Оклендидаги Oracle Arena аренасида Миллий баскетбол уюшмасининг 2015/16 йиллардаги мавсуми финал сериясининг ҳал қилувчи 7-учрашувида "Голден Стэйт Уорриорз" жамоаси "Кливленд Кавальерс" жамоасини кутиб олди. Ҳал қилувчи ўйинга хос бўлганидек, жамоалар кўп вақтни ҳимояга ажратишди. 1-бўлимда майдон эгалари Дрэймонд Гриннинг ажойиб ўйини эвазига 7 очко фарқ билан олдинга чиқиб олишди. Грин бу бўлимда жамоанинг 49 очкосидан 22 очкосини ўз ҳисобига ёзиб қўйди. 

Жамоалар танаффусдан кейин майдонга қайтгач, "Кливленд" Жей Ар Смитнинг фаол ўйини эвазига ўйинга қайта олди. 
Муросасиз кечган ўйиннинг охирги дақиқалари асабий равишда ўтди: жамоалар 3 дақиқа давомида бир-бирларининг саватларини нишонга олиша олмади. Бу сукунатни финал сиренаси чалишига 53 сония қолганда ва очколар 89:89 бўлганда "Кливленд" ўйинчиси Кайри Ирвинг бузди: у саватга 3 очколик тўпни бехато йўллади. Шундан кейин "Уорриорз" фол ишлатишга мажбур бўлди. Шундай фоллардан бири учун белгиланган жарима тўпларини бажарган Леброн Жеймснинг саватчага туширган бир тўпи ғалаба учун етарли бўлди. 

Шу тариқа "кавальерлар" МБАнинг 41 йиллик тарихида биринчи марта чемпион бўлишди. 
"Кливленд" сафида ўйновчи россиялик Тимофей Мозгов ва Александр Каун ҳал қилувчи учрашувда майдонга тушмаган бўлсалар-да, МБА чемпиони бўлган биринчи россияликлар бўлдилар.

"Кавальерс" ҳужумчиси Леброн Жеймс финал сериясининг энг қимматли ўйинчиси деб топилди. Бу чемпионлик баскетболчининг фаолиятидаги учинчиси бўлди, у аввал "Майами Хит" жамоаси билан икки марта чемпион бўлишга муваффақ бўлган.

МБА финали. 7-учрашув
Голден Стэйт Уорриорз – Кливленд Кавальерс – 89:93 (22:23, 27:19, 27:33, 13:18)