Жаҳон | 10:23 / 20.06.2016
3070
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда денге безгагига қарши япон вакцинаси клиник синовлардан ўтказилиши бошланмоқда

Япониянинг Takeda фармацевтик корпорацияси Сингапурда денге безгагига қарши янги вакцинани клиник синовдан ўтказишни бошламоқда. The Straits Times нашрининг ёзишича, тадқиқотда 21 ёшдан 45 ёшгача бўлган 400 нафар маҳаллий фуқаро қатнашади.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, синовларда бу хавфли касалликни бошидан кечирганлар ва бу касалликка дуч келмаганлар иштирок этади. Иштирокчилар уларга вакцина киритилгандан кейин пайдо бўладиган аломатларни қайд қилиб борувчи мутахассислар кузатувида бўладилар. Корпорацияда айтилишича, "инсон томонидан мустақил ишлаб чиқариладиган антитаналар миқдори дорилар ёрдамида олинадиган антитаналар миқдоридан қанчалик фарқ қилишини ўрганиш лозим".   

Ҳозирда денге безгагига қарши ягона вакцина мавжуд бўлиб, уни франциялик олимлар яратишган. Осиё давлатларидан фақатгина Филиппинда бу дори воситасининг қўлланишига рухсат берилган. Мисол учун, Малайзия ва Сингапур ҳукуматлари бу воситага рухсат беришмаяпти, чунки маҳаллий мутахассисларнинг баҳолашича, унинг самарадорлиги 50 фоиздан ошмайди.

Бу орада, охирги вақтларда сингапурлик олимлар ҳукуматни бу вакцинага муносабатини ўзгартиришга чақиришмоқда. Бу жорий йилда денгедан касалланадиганлар бўйича прогнозларнинг ёмонлиги билан боғланган. Сингапур Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 30 мингдан ошиши мумкин ва Сингапур тарихида энг катта миқёсда авж олган денге эпидемияси бўлади. 

Денге безгаги вирусли инфекция бўлиб, кўпроқ тропик ва субтропик минтақаларда учрайди. Унинг аломатлари юқори ҳарорат, кўнгил айнаш, тошма, бош ва бел оғриқлари ҳисобланади. Безгакнинг геморрагик варианти қон томирларининг коллапси билан чақирилган кучли ички қон кетишлар билан кечади.