Ўзбекистон | 14:24 / 21.06.2016
25945
2 дақиқада ўқилади

Ангрен-Поп йўналиши июль ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини 2016 йилнинг июлида фойдаланишга топширишни режалаштирган.

Синьхуа агентлиги хабарига кўра, бу линия Хитой-Марказий Осиё-Европа янги халқаро транзит коридорида муҳим қисм бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон темир йуллари» АЖ 2013 йилнинг июль ойида «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўл линиясини қуришга киришганди.

Умумий узунлиги 123 км бўлган темир йўлнинг асосий қисми – 104 км йўл қурилиши ишлари 2015 йилнинг августида якунланган эди.

27 май куни Ангрен-Поп йўналишидан биринчи тажрибавий поезд ўтди.

Йўл «Қамчиқ» довони орқали ўтади ва Ўзбексистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳамда бошқа вилоятларни Фарғона водийси (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари) билан боғлайди.

«Ўзбекистон темир йўллари» 2013 йилнинг ёзида China Railway Tunnel Group компанияси билан шартнома тузганди. Шартноманинг умумий қиймати 455 миллион долларни ташкил қилди. Шартномага кўра, хитойликлар узунлиги 19,2 км бўлган туннел ва фавқулодда ҳолатларда керак бўладиган алоҳида ер ости йўлаги қуриб битказиши кўзда тутилганди. 

Лойиҳанинг молиялаштирилиши доирасида халқаро молия институтлари ҳамда Ўзбекистон томонидан жами 1,2 млрд доллар маблағ кредит ажратилган.

«Қамчиқ» довони денгиз сатҳидан 2,2минг метр баландликда жойлашган. Довон орқали Ўзбекистонни Фарғона водийси билан улайдиган ягона автомобиль йўли жойлашган. Қиш фасли вақтида ёғингарчилик кучайганда довон орқали қатнов анча мушкуллашади. Янги темир йўл алоқаси ушбу муаммонинг муваффақиятли ечими бўлиши кутилмоқда.