Жамият | 15:30 / 21.06.2016
5375
3 дақиқада ўқилади

Автобус саройи орқасидан давлат бюджетига "чанг солган" раис жиноий жавобгарликка тортилди

Нормурод Азаматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2008 йилда “Тошавтобустранс” АКнинг “4-автобус саройи” ОАЖ бошқаруви раиси лавозимига тайинланади. Маъсулиятли лавозимни эгаллаган Н.Азаматов зиммасига давлат иштирокидаги ташкилот ҳисобланган жамиятнинг тўлиқ молиявий ва иқтисодий аҳволи учун моддий жавобгарлик юкланади. Бошқарув раиси эса бундай мажбуриятни бажариш ўрнига мансаб ваколатларидан ғаразли манфаатлари йўлида фойдаланиб, жамият маблағларини ўзлаштиришга киришиб кетди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

У бу йўлда нақдлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун қисқа муддатга ташкил этилган ташкилотлар билан “ҳамкорлик”ни йўлга қўйиб, бир қатор шундай МЧЖлар билан сохта шартномалар имзолайди. Шу йўл билан уларнинг ҳисоб рақамларига 657 млн.747 минг сўм пул маблағларини ўтказиб, гўё товар-моддий бойликлари олганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлайди ва товарсиз операцияларни амалга ошириш орқали мўмай даромадни киссасига уради.

Н.Азаматов автобус саройининг ҳисоб рақамидаги пулларни ўзиникига айлантириб олиш борасидаги ҳаракатларни давом эттириб, бу сафар сал ўзгачароқ найрангни ишга солди. У энди жамиятга эҳтиёт қисмлар ҳарид қилиш учун тендер танловлари ўтказилиши ва бозор нархлари ўрганилишини таъминламай шартномалар тузилишига йўл қўяди. Бундан асосий мақсад товар-моддий бойликларни ҳақиқий баҳосига нисбатан қиммат нархларда сотиб олиб, қолган маблағларни ҳамтовоқлари билан бирга “ҳазм қилиб юбориш”эди. Уларнинг бу ҳаракатлари бесамар кетмай автосаройнинг 155 млн.сўмликдан зиёдроқ маблағи талон-тарож қилинади.

Шунингдек, бошқарув раиси ва бошқаларнинг “саъй-ҳаракатлари” билан ҳақиқатда бажарилмаган рейслар сонини ошириб кўрсатилиши натижасида қатновларга 4 млн.сўмга яқин маблағ асосий харажат қилиниб, давлат бюджетига зарар етказилади.

Автобус саройига раҳбар этиб тайинлангач, жамиятнинг фаолиятини янада ривожлантириш ўрнига ташкилот бюджетига чанг солган Нормурод Азаматов ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонун одида жавоб берди.