Барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол йўлида
Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги жаҳон оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида турибди. Таҳлилчилар, ШҲТ ташкил топганининг ўн беш йиллигида ўтказиладиган Тошкент саммити йилнинг марказий сиёсий воқеаси бўлибгина қолмай, ташкилот тарихида янги саҳифа очишини таъкидлашмоқда.
23-24 июнь кунлари Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон иштирок этиши расман тасдиқланди.
Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко, Мўғулистон президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси президенти Мамнун Ҳусайн, Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф кузатувчи давлатлар, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилувчи мамлакат меҳмони сифатида иштирок этади.
Мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев ҳам қатнашади.
ШҲТ саммитида халқаро ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиб Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Минь, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ижрочи директори Гун Цзяньвэй ҳам иштирок этади.
Тадбирда иштирок этиш учун Тошкентга ШҲТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек, чет эл оммавий ахборот воситаларининг қарийб 1000 вакили ташриф буюради.
ШҲТнинг Тошкент саммити минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилар экан, ташкилотнинг янги йўналишини белгилаб олади. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Рашид Алимов баёнот берди.
“Биз йилнинг энг муҳим ҳодисаси - Тошкент саммитини ўтказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Бу юбилей саммити, шу сабабли катта энергия билан унга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ҳар қандай юбилейда бўлгани каби қўлга киритилган ютуқларимизни таҳлил қиламиз ва келажак ишларимизни белгилаб оламиз”, деди бош котиб.
Унинг айтишича, таъсисчи давлатларнинг раҳбарлари Ўзбекистон пойтахтида тўпланиб, халқаро ва минтақа кун тартибида турган муҳим масалаларни муҳокама қилишади.
Бу йил ўзининг 15 йиллигини нишонлаётган ШҲТ жаҳон аҳолисининг 44 фоизи (3,17 миллиард киши) истиқомат қиладиган 18та (олтита аъзо, олтита кузатувчи ва олтита мулоқот бўйича ҳамкор) давлатни ўзаро бирлаштиради. Айни дамда Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлса, Афғонистон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон кузатувчи давлат мақомига эга. Мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар қаторида Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия, Шри-Ланка бор.
2001 йилнинг 14-15 июнь кунларида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Хитой раҳбарлари Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган саммитида янги ташкилот тузилгани борасида баёнот берганди. Шу тариқа, жаҳон сиёсий харитасида янги бирлашма - Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти пайдо бўлди. Ташкилотнинг муассиси ва тенг ҳуқуқли қатнашчиси бўлмиш Ўзбекистоннинг ШҲТда иштироки мазкур ташкилотни мустаҳкамлаш билан бирга, минтақавий муаммолар ечимини тугал ва самарали бўлишини таъминлади.
ШҲТнинг Ўзбекистон манфаатлари билан ҳамоҳанг жиҳати бор. “Учта ёвуз куч”- халқаро терроризм, диний экстремизм ва айирмачилик, шунингдек гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо мамлакатлар билан мавқеи деярли бир хил. 15 йиллик фаолияти давомида ШҲТ кўп қутбли дунёнинг тан олинган ташкилотига айланди. ШҲТ жаҳондаги кучли ташкилотлардан бири сифатида эътироф этилади.
Бугун тўла ишонч билан айтиш мумкинки, 15 йил аввал ташкилот асосчилари бўлмиш олтита давлат раҳбарлари жаҳон ҳамжамиятига давлатлараро муносабатларнинг “Шанхай руҳи” акс этган янги моделини тақдим этди. “Шанхай руҳи” деганда ўзаро ишонч, тенглик, маслаҳатлашувлар, хилма-хил маданият ва цивилизацияларни ҳурмат қилиш, тараққиётга биргаликда интилиш тушунилади. Айни мана шу ноёб тажриба олтита давлат ўртасидаги ҳамкорликда қўлга киритилган муҳим қадрият сифатида тан олинади. “Шанхай руҳи” замонавий халқаро ҳамкорлик назариясини ҳаётга тўла татбиқ этаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
“Аъзо давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ташкилот мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ташкилотимиз замонавий халқаро муносабатлар архитектурасида муносиб ўринни эгаллади. ШҲТ илк даврарданоқ сайёрамизда тинчлик ва барқарорликни қадрловчи бўлган ҳамма-ҳамма билан кенг қамровли ҳамкорликка интилиб келмоқда” деди Рашид Алимов.
Шу давр мабойнида ШҲТ минтақада тинчлик, барқарорлик ўрнатилиши ва хавфсизлик таъминланиши йўлида фаол ҳаракат қилди. Жаҳон иқтисодиётига муносиб ҳиссасини қўшди. Маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг кенгайишига хизмат қилди.
ШҲТ собиқ бош котиби Дмитрий Мезенцевнинг айтишича, ШҲТ фаолият кўрсатиб келаётган 15 йил мобайнида Ўзбекистон учинчи маротаба ушбу ташкилотга раислик қилишдек юксак масъулиятни ўз зиммасига олди.
“Мамлакатингиз раислиги бирлашмамизнинг юбилейига, муҳим ҳамда масъулиятли даврига тўғри келдики, бу тизим фаолияти якунларини сарҳисоб қилиш имконини беради. Биз Ўзбекистон раислиги йилларида илгари сурилган ва ҳаётга татбиқ этилган ташаббусларни яхши эслаймиз. Айнан Ўзбекистон шафелигида ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мақоми тўғрисидаги Низом қабул қилинди, ШҲТнинг кузатувчилар билан ҳамкорлиги тартиби белгиланди”, деди Дмитрий Мезенцев.
Саммит арафасида БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча журналистларга интервью берар экан, ШҲТ минтақа ва дунёда катта ўрин тутишини, терроризмга қарши кураш, иқлим ўзгаришларини бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш борасида катта тажриба ва имкониятларга эга эканлигини таъкидлади. Мирослав Енча ўз сўзида БМТ Тошкент саммитидан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда кўп нарсаларни кутаётганини маълум қилди. У ўтган йил ҳам БМТ, ҳам ШҲТ учун фойдали бўлганини қайд қилар экан, 2015 йилда ШҲТ 2025 йилгача бўлган тараққиёт стратегиясини тасдиқлаганини, БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессияси эса 17та вазифадан иборат Барқарор Тараққиёт Мақсадларини қабул қилганини қайд қилди.
“Менинг фикримча, бу дастурий ҳужжатлар иккита ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг янада ривожланишига ҳисса қўшади. Шу сабабли ҳам бўлажак саммитдан бу йўналишда ҳамкорлик ривожланишига умид қиламиз” деди Мирослав Енча.
У ШҲТ БМТда кузатувчи ташкилот мақомига эга эканини, БМТ бош котиби Пан Ги Мун 2010 йил Тошкентга амалга оширган сафари чоғида Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов билан иккита ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисида декларация имзолаганини эслатиб ўтди.
“Бу муҳим ҳужжатдир. Мен тинчликни қўллаб-қувватлаш, хавфсизликни таъминлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашда ҳар икки ташкилотнинг мвқсадлари якдил эканини кўраяпман”, деди БМТ бош котибининг ёрдамчиси.
Шуни таъкидлаб ўтамиз, 2010 йилнинг апрель ойида Пан Ги Муннинг Ўзбекистонга ташрифи мобайнида ШҲТ ва БМТ Котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланган эди. Тошкентда ШҲТ ва БМТ котибиятлари ўртасида имзоланган Қўшма декларация Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Контртеррористик қўмитаси ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришга йўл очади. Бугунги кунда дунёдаги ҳеч бир муаммони алоҳида бир давлатнинг саъй-ҳаракати билан ечиб бўлмайди. Жумладан, хавфсизлик ва экология муаммолари камида минтақа миқёсидаги ҳамкорликни тақозо қилади. Шу маънода ШҲТ билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг расмийлаштирилиши икки томон учун муҳим масалаларни ечишда баҳамжиҳат ҳаракат қилишга кенг йўл очади.
Мирослав Енча БМТ расмийлари Тошкент саммитига таклиф қилинганини қайд қилиб ўтди. У ШҲТнинг ўтган йилги саммитида ташкилот сафларига Ҳиндистон ва Покистонинг қабул қилиниши борасида илк қадамлар ташланганини эслатиб ўтар экан, “шунинг ўзиёқ ШҲТга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатмоқда”, деди.
БМТ Бош котибининг ёрдамчиси ҳар икки ташкилот экстремизмга қарши кураш масаласида кўп иш қилаётганини таъкидлар экан, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия Минтақавий маркази ва қароргоҳи Тошкентда бўлган ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси катта ишларни бажараётганини эслатиб ўтди.
“Менинг фикримча, бу йўналишда катта тажриба ортирилди. Бироқ чақириқ ва таҳдидлар ҳам кучайиб бормоқда. Афғонистондаги вазият мураккаблигича турибди. Аввалги саммитларда бўлгани каби Тошкент саммитида ҳам бу каби муаммолар жиддий муҳокама қилинади”, дея қайд қилди дипломат.
У бугунги вазиятида ШҲТ ва БМТнинг ҳамкорлигига катта аҳамият қаратилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
“Биргаликда ишлаш, ҳамкорлик руҳи бугун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. БМТ минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши керак. Бу БМТ низомида ёзилгани учун эмас, балки қилиниши керак бўлган зарур иш бўлгани учун ҳам амалга ошиши керак”, деди БМТ бош котибининг ёрдамчиси.
Шуни таъкидлаш керакки, халқаро шарҳловчилар ШҲТнинг минтақа ва дунёда тинчлик ва барқарорликка қўшаётган ҳиссасига юқори баҳо беришмоқда. ШҲТ ҳарбий ташкилот эмас. Бу ташкилот асосан аъзо давлатларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъулдир. ШҲТнинг ўз олдига қўйган вазифалари барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол учун ҳамкорликда фаолият юритишдан иборатдир. Сўнгги вақтларда жаҳонда нуфузи ортиб бораётган ташкилот ўз олдига урушлар ва ҳарбий-сиёсий тўқнашувлар хавфини даф этиб, тинчлик, фаровон ҳаётга эришиш каби улуғ мақсадни қўйган. Ташкилотнинг доимий фаолият кўрсатувчи икки органи — Пекин шаҳрида жойлашган Котибият ва Тошкент шаҳрида жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарали фаолият юритиб келмоқда.
Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг ҳуқуқий меъёр ва қоидаларига биноан, 2015 йилнинг 11 июлидан буён унга Ўзбекистон Республикаси учинчи маротаба раислик қилмоқда. Ўзбекистон 2004 ва 2010 йилларда ўзининг ШҲТга раислиги доирасида замонанинг анъанавий ҳамда янги хавф-хатарларига нисбатан ташкилотга аъзо мамлакатлар сиёсатини мувофиқлаштиришни кучайтиришга доир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди. Таҳлилчилар томонидан Ўзбекистон ҳамиша ўзининг ШҲТдаги раислигига аниқ ва мувозанатлашган ёндашув билан қараши, мазкур ташкилотнинг нуфузини кўтариш мақсадида фаол ҳаракат қилиши таъкидланади.
Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги доирасида ШҲТнинг нуфузини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ривожланиши йўлида муҳим қадамлар қўйилганини эътироф этишади. Ўзбекистон бир қатор янги ташаббуслар билан чиқди ва уларни амалда татбиқ этди. Ўзбекистон ўтган давр мобайнида ШҲТ аъзоси бўлган мамлакатлар билан биргаликда жаҳон ва минтақа аҳамиятига молик муаммолар ҳал этилишида ташкилот салоҳиятини, ўзаро ҳамкорлик мувофиқлашувини янада кучайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ролини ошириш юзасидан кенг қамровли ишларни рўёбга чиқарди. Ўзбекистоннинг ана шундай саъй-ҳаракатлари туфайли борган сари кўп давлатлар ШҲТга алоҳида қизиқиш, у билан шериклик алоқаларини ўрнатиш юзасидан истак-хоҳиш билдиришмоқда.
2015 йилнинг сентябрида Камбожа Қироллигига ШҲТнинг мулоқот бўйича шериги мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Жорий йилнинг 14 март куни ана шундай мақом Озарбайжонга берилди. Непал билан ҳам шундай ҳужжатнинг имзоланди. Жорий йилнинг 1 март куни Пекинда Шанҳай Ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Рашид Алимов ҳамда Ҳиндистон ва Покистоннинг Хитойдаги элчилари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда ШҲТга аъзо давлатларнинг ташкилот котибияти ҳузуридаги доимий вакиллари ҳам иштирок этди. Унда Жанубий Осиёдаги икки йирик давлат — Ҳиндистон Республикаси ҳамда Покистон Ислом Республикаси дипломатия раҳбарларига ШҲТга аъзолик мақомини олиш бўйича мажбуриятлар ҳақидаги меморандумларнинг лойиҳалари берилди. Аъзо давлатлар раҳбарларининг Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида мазкур меморандумларни имзолаш режалаштирилган бўлиб, бу воқеа учрашувнинг муҳим амалий натижаларидан бири сифатида жорий йилда ўзининг 15 йиллигини нишонлайдиган ШҲТнинг келажакда ривожланишига катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон каби даватларнинг қабул қилиниши ШҲТ географик қамровини нафақат кенгайтиради, балки ҳамкорликнинг янги уфқларини очади. Қоидага кўра, янги аъзоларни қабул қилишдан аввал номзод давлатлар бир қатор мажбуриятларни ўз зиммаларига олишлари керак бўлади. Жумладан, улар айни дамда қабул қилинган 30дан ортиқ ҳужжатга сўзсиз қўшилишлари керак бўлади.
ШҲТнинг 2016 йилги Тошкент саммити тарихий аҳамият касб этишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар ташкилот нуфузини сезиларли даражада ошириши билан бирга, унинг янада кенгайишини ҳам таъминлайди.
Қардошлик, яхши қўшничилик асосида фаолият юритаётган, айни дамда дунё аҳолисининг салкам 44 фоизи истиқомат қиладиган мамлакатларни қамраб олган ШҲТ узоқ йиллар минтақа тараққиётига ҳисса қўшиб, аъзо давлатлар ҳудудларида истиқомат қилаётган халқларнинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлашда давом этади.
Шарофидин Тўлаганов тайёрлади