Жаҳон | 18:09 / 21.06.2016
4520
2 дақиқада ўқилади

Хитой Бош божхона бошқармаси ойлик ҳисоботини эълон қилди

ХХР Бош божхона бошқармаси ҳисоботига кўра, Россиянинг май ойида ушбу давлатга етказиб берган нефть ҳажми 5,24 млн тоннани ташкил этиб, янги рекорд кўрсаткични қайд этган. Умуман, РФдан ХХРга кунига 1,24 млн баррель қора олтин етказиб берилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 33,7 фоизни ташкил этган. 

"Хитойда нефтга бўлган юқори талаб сақланиб қолмоқда. Бу эса, нефтнинг жаҳон бозоридаги нархига таъсир ўтказмай қолмаяпти", - дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда таъкидланишича, ўтган ойда Саудия подшоҳлигидан етказиб берилган нефть миқдори ҳам 33,6 фоизга ўсиб, кунига 961 минг баррелни ташкил этган. Бир кунда 619,3 минг баррель Эрон нефти импорт қилинган ва у ҳисобот даврида Хитойга олиб кирилган нефтнинг 19,5 фоизини ташкил этган. 

2015 йилда Россия май, сентябрь, ноябрь ва декабрь ойларида Хитойга энг кўп нефть экспорт қилган давлат бўлганди. Йил якунига кўра эса, 42,43 млн тонна нефть сотиш билан иккинчи, Саудия Арабистони ХХРга 50,55 млн тонна нефть сотиб, етакчиликни ўзида сақлаб қолган эди.