Жаҳон | 16:58 / 21.06.2016
4940
6 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда ўтган уч томонлама музокара Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал этишига умид билдирилмоқда

Жаҳон матбуоти 20 июнь куни Санкт-Петербургда Россия, Арманистон ва Озарбайжон президентларининг уч томонлама учрашувига катта аҳамият бермоқда. Давлат раҳбарлари ўзларининг ёрдамчилари ва ҳамроҳларисиз яккама-якка учрашдилар.

Уч томонлама учрашувдан аввал Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Россия Федерациясига амалий ташрифи доирасида Санкт-Петербургда Владимир Путин билан учрашди. Учрашувда Тоғли Қорабоғ атрофидаги муаммо ҳам муҳокама қилинди. Илҳом Алиев 20 йилдан бери оккупацияда бўлиб келаётган Озарбайжон худудлари озод қилиниши лозимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, айни дамда Озарбайжон ҳудудларининг 20 фоизи оккупация қилинган бўлиб, мазкур ерларда Арманистон “Тоғли Қорабоғ” номи остида айирмачилар режимини ташкил қилиб, шу тариқа ўз хатти-ҳаракатларини легитимлаштиришга уринмоқда.

Владимир Путин, Серж Саргсян ва Илҳом Алиев иштирокида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган уч томонлама учрашувда бир қатор масалалар бўйича ўзаро тушиниш ҳосил қилингани маълум қилинди. Бу борада президентлар томонидан қабул қилинган қўшма баёнотда таъкидланади. Улар уч томонлама музокорлар кейинчалик ҳам давом этишига умид билдирдилар.

Озарбайжон президенти Тоғли Қорабоғ масаласида сермазмун нутқ сўзлади. У можаро имкон қадар тезроқ ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлаб ўтди. “Кимдир биз 20 йил давомида бўлгани каби маъносиз музокаралар давом эттираверишимизга ишонса, қаттиқ янглишади. Биз мазмунсиз музокараларни давом эттирмаймиз. Музокаралар мазмунга эга бўлиши керак. Ана ўшандагина муаммо тинч йўллар билан ҳал бўлади”, деди Илҳом Алиев. Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ вазиятида статус-кво сақланиши учун Арманистон ҳарбийлари минтақадан чиқиб кетиши лозимлигини таъкидлади.

Учрашувда Тоғли Қорабоғда фаолият юритувчи ЕХҲТнинг кузатувчилари сони оширилишга келишиб олишди. Озарбайжон томони ҳам учрашувдан қониқиш ҳосил қилганини таъкидлади. Ташқи ишлар вазири Эльмар Мамедьяров мазкур учрашув можаро тез орада барқарорлашувига хизмат қилишига умид билдирди.

Европа Иттифоқининг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари Малена Мард Санкт-Петербургдаги учрашув Тоғли Қорабоғ можаросини барқарорлаштиришда ижобий қадам бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, Европа Иттифоқи можаро тинч йўллар билан ҳал қилинишининг тарафдори бўлиб, бу йўналишда қўйиладиган ҳар қандай қадамларни қўллаб-қувватлайди.

Минск гуруҳининг америкалик ҳамраиси Жеймс Уорлик Санкт-Петербург учрашувида муҳим қадам қўйилганини таъкидлади.

Россия, Арманистон ва Озарбайжон президентлари Владимир Путин, Серж Саргсян ва Илҳом Алиевларнинг Санкт-Петербургдаги мулоқоти “конструктив муҳитда ўтди”, деди Арманистон ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян. Унинг айтишича, учрашув фойдали бўлди. “Учрашувни вазирлар, президентлар даражасида давом эттиришга келишиб олинди”, деди Налбандян.

Тоғли Қорбоғ можароси 1988 йил февраль ойида бошланган. 1992 йилдан бери ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида можарони тинч йўллар билан барқарорлаштириш бўйича музокаралар олиб борилади.

Тоғли Қорабоғда можаролар юзага келган даврда минтақада 80 минг атрофида арман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қиларди. Айни дамда халқаро арманлар диаспораси оккупация қилинган Озарбайжон ерларида турли тадбирлар ўтказиб, можаро сабабларини яширишга уринмоқда. Бу, ўз навбатида, расмий Озарбайжон ҳукуматининг норозиликларига сабаб бўлмоқда. Расмий Боку Арманистон Қуролли Кучлари нафақат Тоғли Қорабоғ Мухтор вилоят ҳудудларини балки, унинг атрофидаги 7 та туманни эгаллаб олиб, бу ерларда этник тозалаш ўтказаётганини айтмоқда. Бу ерлардан миллионлаб озарбайжон миллатига мансуб аҳоли ҳайдаб чиқарилмоқда. Шу сабабли мазкур минтақаларда арманлар томонидан турли тадбирларни ўтказилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги айтиб келинади.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган тўртта резолюцияда, ЕХҲТ, НАТО, Европа Кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжатларда Арманистон эгаллаб олинган ҳудудлардан чиқиб кетиши таъкидланади. Шу йилнинг 15-18 сентябрь кунлари оккупация қилинган Озарбайжон ерларида, тўғрироғи, Ханкенди (Степанакерт) шаҳрида Халқаро Ёшлар Конференцияси ўтказилиши режалаштирилган. Бу тадбир орқали Арманистон яна бир фитна уюштирмоқчи. Шу тариқа Арманистон томони ёшларни чалғитиб, томонлар ўртасидаги музокаралар жараёнига жиддий зарба бермоқчи. Дунёнинг бирор бир мамлакати, жумладан, Арманистон томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳудудларида бу каби тадбирлар ўтказилиши Озарбайжон эътирозларига сабаб бўлиб, бу ерга қонунга зид равишда келганларнинг “қора рўйхати” тузилишига сабаб бўлди. Озарбайжонинг кескин баёнотларидан сўнг бир қатор таниқли шахслар оккупация қилинган Тоғли Қорабоғ ҳудудларига боришдан воз кечишган эди.

Сешанба куни Озарбайжон мудофаа вазирлиги баёнот бериб, бир кеча кундузда Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш борасидаги режим Арманистон томонидан 12 марта бузилганини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 2 апрель куни Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғ ҳудудида вазият кескинлашгани борасида баёнот берди. Томонлар 5 апрель куни ўт очишни тўхтатишга келишиб олдилар. Аммо шунга қарамай томонлар бир-бирларини ўт очаётганликда айлаб келишади.

 

Шарофиддин Тўлаганов