Суд эрини ўлдирган туркиялик аёлни озодликка чиқарди
Туркия суди эрини ўлдирган ёш аёлни қамоқ жазосидан озод қилди. Бу ҳақда турк оммавий ахборот воситалари 21 июнь куни маълум қилди.
Адананинг жанубий минтақасида яшовчи 24 ёшли Силем Карабулут 2015 йилнинг июнь ойи бошларида 33 ёшли эри Ҳасан Карабулутни уйидаги милтиқ орқали отиб ўлдирганликда айбдор деб топилган.
У 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Фаоллар Карабулутга ўз эри томонидан мунтазам равишда босим ўтказилгани ва Туркиядаги баъзи аёллар каби фоҳишалик қилишга мажбур қилганини айтиб, уни озодликка чиқаришга чорлашди.
Апелляция суди унинг озодлиги учун ҳимоя томонидан берилган петицияга рози бўлиб, унга 50 000 лира (17 250 доллар) миқдорда гаров пули белгилади ҳамда унинг суд назорати остида бўлишини билдирди.
"Биз курашда давом этамиз. Биз барча аёлларимиз учун курашамиз", - деди 2,5 ёшли қизчанинг онаси бўлган Карабулут озодликка чиқиб.
Мазкур воқеа Туркия оммавий ахборот воситаларининг катта эътиборига сазовор бўлди, бу хусусан аёлнинг ўзини тутиши билан ҳам боғлиқ. У инглиз тилида "Азиз ўтмиш, барча сабоқлар учун раҳмат. Азиз келажак, мен тайёрман" деб ёзилган кўйлак кийишни тарғиб қилди.
Ҳодиса Туркиядаги аёлларга нисбатан тажовузкорона муносабатга қарши чиқувчи, ҳар йили ўз эрлари томонидан ўлдирилган аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи кўплаб феминист аёллар учун катта аҳамиятга эга бўлди.
Аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтатишга йўналтирилган Нодавлат платформанинг маълумотларига кўра, Туркияда 2015 йилда жами 291 нафар аёл, жорий йилда эса 113 нафар аёл ўлдирилган.