Сунъий ақл саратонга 92 фоиз аниқлик билан ташхис қўйишни ўрганди
Ҳарвард тиббиёт мактаби ва Бэт Изрэйел тиббий маркази компьютер технологияси мутахассислари сунъий ақл тизимини намойиш этишди. У кўкрак саратони хасталигига 92 фоиз аниқлик билан ташхис қўя олади, деб хабар қилмоқда RNS янгиликлар хизмати arXiv.orgга асосланган ҳолда.
Олимлар, тадқиқотлар доирасида, нутқ ва суратларни аниқлаш каби турли вазифаларни бажариш учун қўлланилган машинани ўргатиш алгоритмидан фойдаланишган. Улар, дастурга саратонга чалинган ва соғлом ҳужайралар белгилаб қўйилган юзлаб слайдларни киритишган. Бироз вақт ўтгач, дастур саратон ҳужайраларини аниқлаш имконини берадиган ҳисоблаш усулини ишлаб чиққан. Натижада, компьютер хавфли касаллик аломатини кўрсата оладиган биологик ўзгаришларни аниқлай оладиган бўлган. Одатда, шифокорлар буни микроскоп орқали таҳлил қила олишади.
Олимлар, Биотиббиёт визуализацияси халқаро симпозиумида (International Symposium of Biomedical Imaging) ўз ишланмаларини намойиш этишган. Таъкидланишича, синов жараёнида, сунъий ақл ўз олдига қўйилган вазифани 92 фоиз аниқлик билан бажара олган.
Янгилик муаллифларининг сўзларига кўра, мутахассислар касалликка ташхис қўйишда икки хил усулдан фойдаланиши, аниқлик даражасини 99,5 фоизга етказиш имконини беради.