Жаҳон | 16:44 / 21.06.2016
3210
2 дақиқада ўқилади

Туркия жануби-шарқидаги аксилтеррор амалиётлар ниҳоясига етди

Туркия жануби-шарқидаги аксилтеррор операциялар ниҳоясига етказилди, ҳукумат минтақани қайта тиклашга киришди. Бу ҳақида Туркия бош вазири Биноли Йилдирим парламентдаги чиқишида маълум қилди. 

"Операциялар ниҳоясига етди, энди биз иккинчи босқич - жисмоний ва ижтимоий янгиланишга киришамиз. Вайрон қилинган барча ҳудудлар аввалгисидан-да яхшироқ қилиб қайта тикланади. Ёш авлодимиз энг яхши ҳаёт кечиришлари учун чоралар кўрмоқдамиз", - деди у.

Йилдиримнинг таъкидлашича, жануби-шарқда янги завод ва фабрикалар қурилади, хусусий сектор ривожланади. 

Шунингдек вазир "ҳудудий органлардан террорчиларга кўрсатилган ёрдами учун ҳисоб сўрашга" ваъда берди. 

"Улар давлатдан йўл, хиёбонлар, канализация учун пул ололмайди ва уларни террорчи ташкилотга узата олмайди. Яқин орада биз берилган пул воситаларни миллат фаровонлиги йўлида сафарбар қилмаган барча маҳаллий раҳбарларни жавобгарликка чорлаймиз", - дея маълум қилди бош вазир.

У парламент бу ишни амалга оширишга имкон берувчи қонунларни кўриб чиқишини қўшимча қилди.