Ягона давлат имтиҳонини топширган 85 яшар нафақахўр натижани билишни истамаяпти
21 июнь куни Россиянинг Иваново областида математика бўйича Ягона давлат имтиҳони натижалари эълон қилинди. Аммо, камида бир иштирокчи неча балл тўплаганини аниқлашни хоҳламаяпти. Бу, 85-ёшли нафақахўр Юрий Тайков бўлиб, у иккинчи маротаба ЯДИни топширган.
"Менинг субьектив сезгимга кўра, хато ёзганман, баҳоим учта минусли 3. Аммо, 2006 йилдагидек, баллни билиш учун қўнғироқ қилиб ҳам ўтирмайман", - деган Тайков ТАССга берган интервьюсида.
Нафақахўрнинг айтишича, у биринчи маротаба 2006 йилда неварасига далда бўлиш учун ЯДИ топширган.
"ЯДИси нима экан, деб билишга боргандим, кейин бир пайтлар медаль олганим ёдимга тушиб, билимимни синаб кўриш хоҳиши пайдо бўлди", - деб изоҳлаган Тайков.
Унинг сўзларига кўра, ЯДИ ҳозирги кўринишда талабга жавоб бермайди. Чунки, мушкул тригонометрик масалалар қўшилганига қарамай, белгиланган вақт узайтирилмаган, аксинча 4 соатлигича қолган.
Бундан ташқари, унинг фикрича, имтиҳон столида тригонометрияга оид мураккаб формулалар қўйилиши керак. Ахир, болалар формула учун имтиҳон вақтидан сарфлаши тўғрими?" - деб мурожаат қилган Ивановонинг энг қари абитуриенти.